Бухоро вилоятида «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди
2026-09-07 10:20:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги 122-сонли қарори ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 2022 йил 27 апрелдаги 127-сонли буйруғига асосан, ички ишлар органлари тизимида ҳар йили «Энг намунали эксперт-криминалистика жамоаси» ва «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танловларини ўтказиш анъанага айланган.
Шу муносабат билан, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика хизмати ва унинг қуйи тизимлари ходимлари ўртасида «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди. Танлов иштирокчилари жами уч босқичда ўзаро беллашдилар.
Дастлаб ходимларнинг назарий билим даражасини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилган бўлса, навбатдаги босқичда уларнинг Калашников автомати ва Макаров пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ҳамда йиғиш бўйича амалий маҳоратлари текширилди. Якуний суҳбат жараёнида эса ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мутахассисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, соҳавий меъёрий ҳужжатларни билиши, тергов-тезкор гуруҳи таркибидаги фаолияти ҳамда криминалистика йўналишидаги махсус билим ва кўникмалари ҳар томонлама баҳоланди.
Танлов якунларига кўра, барча шартлар бўйича энг юқори натижани қайд этган иштирокчи ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичида Бухоро вилояти шарафини ҳимоя қилиш йўлланмасига эга бўлди.
Ўтказилаётган бу каби тадбирлар тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда ўз касбининг фидойиларини муносиб рағбатлантиришга хизмат қилади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









