Намангандаги ИИВ объектларида амалга оширилаётган ишлар ва яратилган шарт-шароитлар ўрганилди
2026-09-05 20:10:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров Наманган вилоятида бўлиб, ИИВ тизимидаги қатор объектларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги вазифаларни ўрганди.
Жумладан, ИИВ Тиббиёт бошқармасининг Наманган госпиталида ҳудуднинг ободонлаштирилиши, маъмурий биноларнинг жиҳозланиши, тиббий анжомлар билан таъминланганлик даражаси ҳамда ходимлар ва пенционерлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Аниқланган камчиликлар бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, госпиталнинг терапия, неврология ва кардиология бўлимларида даволанаётган ходимлар ва пенционерлар билан суҳбатлашилиб, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда яратилган шароитлар юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди.
Ташриф давомида ички ишлар органлари учун кичик офицерлар таркибини тайёрлашга мўлжалланган ИИВ Наманган техникуми сифатида қайта қурилаётган Уйчи туманидаги собиқ 4-сон техникумнинг бино ва иншоотлари ҳолати ҳам ўрганилди.
Мазкур объектларнинг фойдаланишга яроқлилик даражасини тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ўрганиш, шунингдек, илғор тажриба асосида ўқув бинолари ва ётоқхоналарни таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда объектларда замонавий талабларга мос шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.









