Кадрлар тайёрлашда трансформация: ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш янги босқичда
2026-09-04 19:55:00 / Янгиликлар

2026 йил 26 август куни қабул қилинган «Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори — ПҚ–303-сон ҳужжат ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган устувор вазифалар ва уларнинг амалиётдаги аҳамиятига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Президент Администрациясининг масъул ходимлари, ички ишлар вазири ўринбосарлари, Ички ишлар вазирлиги Академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, янги қарор билан ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг ягона, узлуксиз ва замонавий тизимини шакллантириш мақсад қилинган.
Жумладан, Академияда «School» тизими жорий этилиб, таълим жараёни илғор хорижий тажриба ҳамда дунёнинг етакчи университетлари амалиёти асосида босқичма-босқич такомиллаштирилади. Таълимнинг кредит-модуль тизимига ўтилиши, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишларини кучайтириш, курсантларни 1-курсдан бошлаб амалиётга яқинлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Эътиборли жиҳати, 2026–2030 — таълим, технология, инновация ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчи фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, ҳар йили 50 нафар профессор-ўқитувчи «Янги Ўзбекистон» университетида, 30 нафари эса хорижий таълим ташкилотларида стажировка ўтайди.
Бундан ташқари, 2027/2028-ўқув йилидан Ички ишлар вазирлигининг идоралараро техникумлари ташкил этилиб, касбий таълим ва Академия таълимини ўзаро интеграция қилишнинг янги механизми йўлга қўйилади.
Кадрларнинг кейинги касбий ривожланишини таъминлаш мақсадида малака ошириш тизими ҳам такомиллаштирилади. Ҳудудий ўқув марказлари фаолияти кенгайтирилиб, ходимларни хизмат жойидан узоқлаштирмаган ҳолда мобил касбий малака ошириш курслари ташкил этилади.
Йиғилишда мазкур янгиликларни амалиётга самарали татбиқ этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Шу муносабат билан қарорда белгиланган вазифаларни чуқур ўрганиш, уларни масъул ижрочилар кесимида аниқ белгилаш, ижрони тизимли назоратга олиш ҳамда таълим жараёнини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Хусусан, Академияда таълим сифатини ошириш, илғор педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълимни амалиёт билан узвий боғлаш ҳамда қарорда белгиланган янги механизмларни белгиланган муддатларда тўлиқ ишга тушириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зеро, замонавий ички ишлар органи учун замонавий билим ва юксак касбий салоҳиятга эга ходим зарур. ПҚ–303-сон қарор ана шу мақсад йўлида кадрлар тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланиши ва хизматдаги самарадорлигини таъминлашнинг яхлит тизимини яратишга хизмат қилади.
Янги ёндашувнинг асосий мақсади — мактаб → академик лицей → идоралараро техникум → ИИВ Академияси → амалиёт → малака ошириш → касбий ўсиш ва карьера тамойили асосида ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг узлуксиз тизимини шакллантиришдир.






