Сурхондарё вилояти ИИБ раҳбарияти Термиз шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабида “Билимлар куни” тадбирида иштирок этди
2026-09-03 11:35:00 / Янгиликлар

Бугун, юртимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида янги ўқув йили бошланди. Эрта тонгдан ўқувчилар мактаблар томон йўл олиб, таълим масканларида “Билимлар куни” муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Термиз шаҳридаги 7-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Иноқов, мактабгача ва мактаб таълими тизими, ҳамкор ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари, ота-оналар, устоз ва мураббийлар ҳамда ўқувчилар иштирок этдилар.
Тадбирда Бахтиёр Иноқов сўзга чиқиб, ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарни янги ўқув йили билан муборакбод этди ҳамда давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбир давомида мактабга илк бор қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари — мактаб сумкалари ва зарур ўқув қуроллари, шу билан бирга ўқувчилар мириқиб мутолаа қилишлари учун мактаб кутубхона фондига бадиий китоблар тўпламлари топширилди.
Шунингдек, 16 ёшга қадам қўйган ўқувчиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ID-карталар тантанали равишда топширилди.
Байрам тадбирининг хавфсиз ва осойишта ўтишини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан белгиланган тартибда хизматлар ташкил этилди.
Тадбирдан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи Бахтиёр Иноқов ҳамда масъуллар 11-синф ўқувчилари билан учрашиб, уларнинг келгусидаги режалари ва мақсадлари ҳақида суҳбатлашди.
Шунингдек, биринчи синф ўқувчилари билан учрашув ўтказилиб, “Мустақиллик дарси” доирасида мамлакатимиз мустақиллигининг мазмун-моҳияти, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти, ёшларнинг Ватан олдидаги масъулияти ҳақида сўз юритилиб байрам совғалари улашилди.
Янги ўқув йилининг илк кунида ўқувчиларга билим олишда муваффақият, устозларга эса шарафли фаолиятларида омад тиланди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати






