Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Туркия Республикаси Ички ишлар вазири жаноб Али Ерликая бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди
2024-09-12 19:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 12 сентябрь куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Туркия Республикаси Ички ишлар вазири жаноб Али Ерликая бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6-7 июнь кунлари ушбу мамлакатга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Тадбир жараёнида, томонлар икки мамлакат ички ишлар вазирликларининг ўзаро алоқалари кенгайиб, трансмиллий жиноятларга қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, бу жараёнда вазирликлар ўртасида ахборот ва ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ташрифлар жадал амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Таъкидланишича, икки вазирлик ўртасида профессионал кадрларни тайёрлаш борасида ҳам яқин алоқалар ўрнатилган. Бунга, 2018 йилда Туркия Полицияси академияси ҳамда 2022 йилда Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академиясининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Академияси билан имзоланган меморандумлари яққол мисол бўла олади. Ўзаро келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида, бугунги кунда, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари давлатимизда соҳа курсантларини тайёрлашда, шунингдек магистратура тингловчиларига замонавий билим бериш жараёнларида ҳам фаол қатнашмоқда.
Ҳамкорликнинг алоҳида йўналиши кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш масаласида бўлиб, бу борада икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ҳамда доимий равишда ўзаро тажриба алмашиб бориш муҳим эканлиги таъкидланди.
Тадбирда томонлар терроризм ва экстремизм, одам савдоси, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, Вазирлик таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Туркиянинг Ички ишлар вазирлиги ва Жандармериясига қарашли илмий тадқиқот марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
Юртимизга ташриф жараёнида турк ҳамкорлар Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд вилоятида туристик объектларнинг хавфсизлигини таъминлаш фаолияти билан ҳам танишадилар.
ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси