Халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
2024-09-12 13:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги вазирлик делегацияси жорий йилнинг 9 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасининг Жамоат хавфсизлиги вазирлиги томонидан Лянюнган шаҳрида ташкил этилган «Ўзгарувчан шароитларда ғалаба қозонган ҳамкорлик: глобал жамоат хавфсизлиги ҳамжамиятини қуриш» мавзусидаги жамоат хавфсизлиги бўйича глобал ҳамкорлик форумида иштирок этди.
Глобал ҳамкорлик форумида мамлакатимиз қатори элликдан ортиқ давлатлардан тўрт юзга яқин мутахассислар, шунингдек БМТ, ШҲТ, Интерпол ва бошқа халқаро ташкилот вакиллари қатнашдилар.
Кун тартибига мувофиқ, тадбир иштирокчилари глобал жамоат хавфсизлиги соҳасидаги долзарб муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, соҳа мутахассислари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, хавфсизликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалаларини муҳокама қилдилар.
ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси



