Нажот — таълимда, келажак — билим ва тафаккурда: Ички ишлар вазирлиги Ихтисослаштирилган мактаб-интернатига совға
2026-09-01 19:25:00 / Янгиликлар

Бугун дунё шиддат билан ўзгараётган, тараққиёт ва рақобат мезонлари тобора янгиланиб бораётган бир даврда ҳар қандай давлатнинг эртанги тақдири, аввало, унинг қандай авлодни тарбиялаётгани билан белгиланади. Зеро, замонавий билим ва юксак тафаккурга эга, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшлар бор экан, тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори ҳамиша мавжуд бўлади.
2 сентябрь — Билимлар куни ҳам ана шу эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган, миллионлаб ўқувчилар қалбида янги орзу ва интилишларга йўл очадиган айёмдир. Бу кун мактаб остонасига қадам қўйган ҳар бир бола учун янги билимлар, янги имкониятлар ва янги мақсадлар сари бошланадиган сафарнинг ибтидосидир.
Айниқса, қалбида Ватан меҳри жўш урган, аждодлари қолдирган бой маънавий меросдан куч олиб, юрт тинчлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган ўғил-қизлар — мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва эртанги кун бунёдкорларидир.
Бундай ёшларни тарбиялаш эса таълим тизими олдида турган энг масъулиятли вазифалардан биридир.
Ички ишлар вазирлиги Ихтисослаштирилган мактаб-интернатида амалга оширилаётган ишлар замирида ҳам ана шу юксак мақсад мужассам.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик шодиёналари давом этаётган айни кунларда билим масканида яна бир муҳим иншоот — 500 ўринли замонавий ётоқхона биноси фойдаланишга топширилди.
Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов иштирок этиб, мактаб-интернатида ўқувчилар учун яратилган шароитлар, таълим жараёнига тайёргарлик ва муассасада амалга оширилаётган янгиланишлар билан яқиндан танишди.
Ўқув биносида математика, рус тили, сунъий интеллект ва инглиз тили фанлари бўйича замонавий синф хоналари янги ўқув йилига шай ҳолатга келтирилган. Демак, билимлар кунидан бошлаб бу ерда нафақат анъанавий фанлар, балки бугунги кун ва келажак касблари учун муҳим бўлган янги йўналишлар бўйича ҳам қизғин машғулотлар бошланади.
Тадбир иштирокчилари янги қурилган 500 ўринли ётоқхона биноси билан танишдилар. Бу иншоот ўқувчиларнинг дам олиши ва яшаши учун шароит яратиш билан бирга, уларнинг шахсий ва жамоавий фазилатларини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Психологик тренинг ва релаксация хоналари, машғулот зали, ўқув-методик ва маънавият хоналари, тиббий пункт ҳамда ахборот-ресурс марказининг ташкил этилгани таълим жараёнига комплекс ёндашувнинг амалий ифодасидир. Бу ерда ҳар бир жиҳат — ўқувчининг руҳий хотиржамлиги, жисмоний чиниқиши, соғлом муҳитда камол топиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ўз устида ишлашига хизмат қилади.
Айниқса, ички ишлар органлари учун келажак кадрларини тайёрлашда бу жиҳатлар муҳим аҳамият касб этади. Чунки бугун мактаб партасида ўтирган ўқувчи эртага жамоат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ватан тинчлигига дахлдор масъулиятли вазифаларни бажариши мумкин.
Шу боисдан ҳам ёшларга ҳозирданоқ ички ишлар органлари ходими касбининг масъулиятини англатиш, уларда интизом, жамоа билан ишлаш, қатъият, жасорат ва фидойилик каби фазилатларни шакллантириш муҳим.
Мактаб-интернати ҳудудида янгидан ташкил этилган футбол стадиони, воркаут ва волейбол майдонлари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. Зеро, замонавий ички ишлар ходими фақат билимли эмас, балки жисмонан бақувват, руҳан барқарор, тезкор фикрлайдиган ва мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қила оладиган шахс бўлиши керак.
Тадбир давомида ички ишлар вазири ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига, уларнинг жисмоний тайёргарлигини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада малакали мураббий ва педагоглар, психологларни таълим жараёнига кенг жалб этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.
Бугун билимлар куни муносабати билан ушбу даргоҳ остонасига қадам қўяётган ўқувчилар янги ўқув йилини мана шундай замонавий ва кенг имкониятларга эга таълим масканида бошламоқда.
Зеро, билимли авлод — қудратли давлат таянчи. Тафаккурли авлод — тараққиёт кафолати. Ватанпарвар авлод эса юртнинг энг ишончли посбонидир. Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни эса ана шу билимли ва ватанпарвар авлод қўлидадир.









