Янги ўқув йили: таълим муассасаларида хавфсизлик — устувор вазифа
2026-09-01 16:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда 2 сентябрь куни тантанавор равишда нишонланадиган Билимлар куни ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда республика бўйича 11 178 та умумтаълим мактабида Билимлар кунига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилади. Уларда жами 5 миллион 800 минг нафар ўқувчи, жумладан, биринчи синфга қадам қўяётган болалар ота-оналари билан биргаликда иштирок этади.
Шунингдек, янги ўқув йилида 598 та касбий таълим муассасаси ва 73 та академик лицей ўз фаолиятини бошлайди. Бу эса янги ўқув йилининг илк кунларида таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, жамоат тартибини таъминлаш ва профилактик тадбирларни тизимли ташкил этишни тақозо этади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида тезкор йиғилиш ўтказилиб, янги ўқув йилини уюшқоқлик билан бошлаш, таълим муассасаларида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Ташматов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икрамов, шунингдек, тегишли соҳалар масъуллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, бу йил Билимлар куни тадбирларида миллионлаб ўқувчилар, биринчи синфга қадам қўяётган болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этиши кутилмоқда. Шу сабабли тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш, одамлар гавжум бўладиган жойларда ҳаракатланишни тўғри ташкил этиш алоҳида аҳамиятга эга.
Хусусан, таълим муассасалари атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш, мактаблар олдида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ва тўхташи билан боғлиқ ҳолатларни назорат қилиш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Айниқса, биринчи синфга қабул қилинаётган болаларнинг ота-оналари билан биргаликда тадбирларда иштирок этиши ҳисобга олиниб, мактаблар атрофида пиёдалар оқими ва автотранспорт ҳаракатини хавфсиз ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, зарур ҳолларда тезкор ҳаракат қилиш бўйича тайёргарлик ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда масъулларга ҳар бир таълим муассасасида хавфсизлик чораларини олдиндан таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш, аниқланган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Зеро, янги ўқув йилининг илк куни нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам муҳим ва ҳаяжонли кундир. Миллионлаб юртдошларимиз иштирокида ўтадиган ушбу тадбирларни тинч, осойишта ва хавфсиз ўтказиш барча мутасаддилардан юксак масъулият ва ҳушёрликни талаб этади.
Болалар хавфсизлиги — барчамизнинг умумий масъулиятимиз. Шу боис Билимлар куни тадбирларини юқори савияда, энг муҳими, хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказишга барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.



