Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида «2 сентябрь — Билимлар куни» муносабати билан видеоселектор шаклида йиғилиш ўтказилди
2026-09-01 10:45:00 / Янгиликлар

Унда ҳамкор ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳамда шаҳар-туман масъуллари иштирок этишди.
Йиғилишда янги ўқув йилини тинч, осойишта ва хавфсиз муҳитда бошлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Билимлар кунида, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, жамоатчилик кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларга йўл қўймаслик, ўқувчиларнинг мактабларга соғ-саломат ва хавфсиз бориб-келишларини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш вазифалари белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида масъул раҳбарларнинг хавфсизлик ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳисоботлари ҳамда таклифлари тингланиб, аниқ вазифалар юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Зеро, янги ўқув йилининг илк куни болалар қалбида қувонч, ота-оналар кўнглида хотиржамлик уйғотиши керак.
Шу боис барча масъул хизматлар учун асосий мақсад — Билимлар кунини юқори даражада, тинч ва осойишта ўтказиш, ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



