Таълим муассасаларида хавфсиз муҳит – устувор вазифа
2026-08-30 12:00:00 / Янгиликлар

Бугун таълим муассасаларида сифатли таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш билан бир қаторда, ўқувчи ва педагоглар учун хавфсиз, барқарор ва ишончли муҳит яратиш ҳам энг муҳим вазифалардан бирига айланган.
Зеро, мактаб — нафақат билим ва тарбия маскани. Бу — ота-она фарзандини ишонч билан топширадиган, бола эса куннинг асосий қисмини ўтказадиган муҳит. Шу боис таълим муассасалари хавфсизлигига ёндашув ҳам янги мазмун ва талаблар асосида такомиллаштирилмоқда.
Мактабда қўнғироқ чалиниши билан янги дарс бошланади. Аммо ўқувчи синф хонасига киргунига қадар унинг хавфсизлигини таъминлайдиган бутун бир тизим ишлаши керак.
Мактабга олиб келувчи йўл, кириш-чиқиш назорати, қўриқлаш пости, видеокузатув камералари, ташвиш тугмаси, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар — буларнинг ҳар бири алоҳида восита. Уларнинг ягона механизм сифатида ишлаши эса хавфсиз таълим муҳитини шакллантиради.
Янги ўқув йили арафасида Вазирлар маҳкамасининг таълим соҳасида хавфсизлик тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарори қабул қилиниши эса ўқув даргоҳларида ягона хавфсизлик стандартини ўрнатиб берди.
Шундан сўнг Қўриқлаш департаменти томонидан пойтахт таълим муассасаларида айнан шу тизимнинг ҳар бир йўналиши қайта кўриб чиқилди.
Дастлаб энг асосий бўғин, таълим муассасаларида хизмат олиб борувчи қўриқлаш хизматининг назоратчи ходимлари махсус ўқув курсларига жалб этилиб, уларнинг касбий ва амалий тайёргарлиги кучайтирилди.
Ўқувларда асосий мақсад қоровулни фақат кириш-чиқишни назорат қилувчи назоратчи эмас, балки хавфни биринчи бўлиб пайқайдиган, вазиятни тез баҳолайдиган ва зарур ҳолатда тўғри қарор қабул қиладиган хавфсизлик тизимининг муҳим бўғини сифатида тайёрлашга қаратилди.
Машғулотлар реал вазиятларга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилиб, кириш-чиқиш режимини ташкил этиш, бегона ва шубҳали шахсларни аниқлаш, видеокузатув ва техник қўриқлаш воситаларидан фойдаланиш, хавф сигнали келиб тушганда тезкор ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмалар мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, назоратчиларнинг мактаб атрофида ўқувчилар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Соҳа мутахассислари иштирокида йўл ҳаракати қоидалари, ўқувчиларнинг йўлни хавфсиз кесиб ўтишини ташкил этиш ва мактаб олди ҳудудларида хавфли вазиятларнинг олдини олиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Мактаблардаги техник хавфсизлик воситалари ҳам қайта кўрикдан ўтказилди. Масканларда ташвиш тугмаларини ўрнатиш ва уларнинг доимий ишлашини таъминлаш чоралари кўрилди, мавжуд тизимларда аниқланган носозликлар бартараф этилиб, қурилмалар ишчи ҳолатга келтирилди.
Муассасалар ҳудудларига видеокузатув камералари ўрнатилиб, Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизматининг бошқарув марказида Қўриқлаш департаментининг ўз дастурчилари томонидан яратилган платформа орқали назорат қилиниши йўлга қўйилди.
Эндиликда энг асосий вазифа – Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган талабларни ҳар бир таълим муассасасида амалда ишлайдиган самарали тизимга айлантириш.
Айни шу мақсадда бугун Тошкент шаҳар Қўриқлаш хизмати биносида пойтахт таълим муассасалари хавфсизлигини комплекс таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Қўриқлаш департаменти раҳбарияти, таълим муассасалари хавфсизлигини таъминлашга масъул қўриқлаш хизмати назоратчилари, мактаб таълими бошқармаси масъуллари ҳамда фавқулодда вазиятлар вазирлигининг соҳавий вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Қўриқлаш департаменти бошлиғи, полковник Қобил Шодибеков янги ўқув йили арафасида пойтахтдаги таълим муассасаларининг хавфсизликка тайёрлик ҳолатини сарҳисоб қилиб, қўриқлашни сифат жиҳатидан янги даражада ташкил этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.
Кириш-чиқиш назорати, қўриқлаш постларида хизматни ташкил этиш, видеокузатув ва техник қўриқлаш воситаларининг узлуксиз ишлаши, ташвиш тугмаларининг доимий созлиги, шунингдек, фавқулодда вазиятларда масъул хизматларнинг ўзаро ҳаракат алгоритмлари муҳокама қилинди.
Хавфсизликка формал ёндашув бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир қўриқлаш пости, ҳар бир камера, ҳар бир ташвиш тугмаси ва, энг муҳими, ҳар бир масъул ходим ягона хавфсизлик тизимининг узвий қисми сифатида самарали ишлаши шартлиги алоҳида таъкидланди.
Зеро, таълим муассасасида хавфсиз муҳит яратиш – фақат бинони қўриқлаш эмас. Бу – хавфни олдиндан англаш, унинг олдини олиш ва зарур вазиятда барча куч ва воситаларни бир механизмдек ҳаракатга келтира оладиган ишончли тизимни шакллантиришдир.
Пировард мақсад – ҳар бир бола билим масканига хавфсиз кириб, хавфсиз қайтиши, ҳар бир ота-она эса фарзанди ишончли ҳимоя остида эканига қатъий ишониши учун зарур муҳитни яратиш.






