Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Гулистон шаҳрида криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланди
2026-08-30 09:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов раҳбарлигида Гулистон шаҳрида криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда аввало вилоят ҳудудидаги криминоген вазият таҳлил қилинди.Жорий йилнинг бугунги кунига қадар содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, ички ишлар органлари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этилди.
Шунингдек, жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, муаммоли ҳудудларда манзилли профилактик тадбирларни ташкил этиш, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан масъул раҳбарларга Гулистон шаҳрида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида самарали иш усулларини жорий этган ҳолда «Гулистон тажрибаси»ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш вазифаси топширилди.
Бунда ҳудудлардаги мавжуд криминоген вазиятни чуқур ўрганиш, ҳар бир маҳалла кесимида муаммоларни аниқлаш, уларни манзилли ҳал этиш, жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида масъул раҳбарларга белгиланган вазифаларнинг ижросини тизимли ташкил этиш, амалга оширилаётган ишларни доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида аниқ натижаларга эришиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








