Сирдарёда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгиланди
2026-08-29 12:15:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзораимов вилоят Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида бўлиб, бошқарма шахсий таркиби ҳамда ходимлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб бошқарма бошлиғи шахсий таркиб билан мулоқот қилиб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ходим ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан ва виждонан бажариши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ўрганишлар давомида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг моддий-техник базаси, хизмат фаолиятида фойдаланилаётган мавжуд транспорт воситалари ва уларнинг бугунги ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, масъул раҳбарларнинг вилоят ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини намунали ташкил этиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлари тингланди.
Алоҳида эътибор пиёдалар, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини юксалтириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида олиб борилаётган профилактик ва тарғибот тадбирларига қаратилди.
Ўрганиш якунида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш ҳамда бу борадаги профилактик тадбирларни янада кучайтириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








