Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида профилактика инспекторига замонавий уй-жой топширилди
2026-08-28 20:25:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 29 июнь куни жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан тақдим этилган таклифлар билан танишиш чоғида профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратган эди.
Хусусан, қонун лойиҳасида ҳокимликларга профилактика инспекторларини хизмат хонаси ҳамда уй-жой билан таъминлаш мажбуриятини юклаш назарда тутилганини таъкидлаганди.
Шу муносабат билан Кўкдала туманидаги «Олтин дала» маҳалласида уй-жойга эҳтиёжи бўлган маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Сарвар Қурбонов учун қуриб битказилган, барча шароитларга эга замонавий уй-жой топширилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувоҳид Исмоилов, Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраев, бошқарма Фахрийлар кенгаши вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, нуронийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маҳалла ҳудудида жойлашган 4 хонали ушбу уй-жой 6 сотих ер майдонида қурилган бўлиб, замонавий ва қулай шароитлар билан таъминланган. Хонадон қуёш панеллари, мебеллар ва зарур маиший техника воситалари билан тўлиқ жиҳозланган.
Ушбу хонадоннинг фойдаланишга топширилиши маҳалла профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларни фош этиш борасида самарали ва фидокорона хизмат қилишига замин яратади.
Бундай ижобий ишлар муҳтарам Президентимизнинг ички ишлар органлари ходимларига бўлган ғамхўрлигининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









