Бухорода кибержиноятчиликка қарши курашишда замонавий технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-28 17:40:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятларнинг барвақт олдини олиш, киберхавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда бу борадаги тезкор-профилактик ишлар натижадорлигини таҳлил қилишга бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда соҳага масъул раҳбарларнинг сўнгги йиллардаги таҳлилий тақдимотлари тингланиб, кибержиноятчилик динамикаси ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Вилоятда ахборот технологиялари воситасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар чуқур ўрганилиб, жабрланган фуқароларнинг ижтимоий тоифалари ва ёш кўрсаткичлари таҳлил қилинганда, жиноятларнинг аксарияти зарарли файллар, сохта ҳаволалар, онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар, асоссиз даромад ва ютуқ ваъда қилиш ҳамда сохта инвестиция схемалари орқали содир этилганлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудларни тўртта минтақага ажратган ҳолда профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиши натижасида мурожаатлар сони қисқариб, жиноятларни фош этиш кўрсаткичлари сезиларли даражада ошганига эътибор қаратилди.
Тезкор йиғилиш давомида кибержиноятларга қарши курашишда замонавий дастурий ечимларни жорий этиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Шу мақсадда, Бухоро вилояти ИИБ масъуллари томонидан ишлаб чиқилган “Бухоро смарт қалқон“ махсус мобил иловаси таништирилди. Ушбу дастурий таъминот қурилмаларни масофадан бошқариш хавфини туғдирувчи зарарли файлларни ўрнатилишидан аввал аниқлаб блоклайди, ноқонуний ва тақиқланган контентларга, жумладан ВПН орқали уланиш уринишларига чеклов ўрнатади ҳамда ота-оналарга фарзандларининг хавфсизлигини назорат қилиш имконини беради. Аҳолининг киберхавфсизлигини таъминлашда ушбу илованинг ўрни юқори эканлиги, фуқаролар турли сохта ҳаволаларга алданиб қолмасдан дастурни фақат расмий “Play Market” майдончаси орқали юклаб олишлари муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда “Хавфсиз ва соғлом юрт“ тезкор-профилактик тадбири доирасида амалга оширилган ишлар, фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларини тезкор сақлаб қолиш амалиёти ҳамда профилактик тарғиботнинг самарадорлиги кўриб чиқилди. Йиғилиш якунида вилоят ИИБ бошлиғи томонидан кибержиноятларни жиловлаш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш ва масъул ходимларнинг ҳушёрлигини кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.



