Интил, кураш ва ғолиб бўл!
2026-08-27 23:00:00 / Янгиликлар

Гулистон туманида ўтказилган соҳил волейболи бўйича Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи кубоги мусобақалари ана шу шиор остида бўлиб ўтди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтаган ушбу мусобақада вилоятнинг барча туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари ўзаро беллашди.
Гулистон туманининг «Чортоқ» маҳалласидаги спорт мажмуаси туман-шаҳарлардан келган элликдан ортиқ ёшларни ўз бағрига жамлади. Жўшқин, ўз кучига ишонган, ғолибликка чанқоқ ёшлар нисбатан янги йўналиш бўлган соҳил волейболининг нозик жиҳатларини яхши ўзлаштирганликларини намойиш этишди.
Эътиборлиси, мазкур спорт майдони вилоят ИИБ бошлиғининг ёшлар билан учрашувида билдирилган таклифлар асосида барпо этилган эди. Бугунги кунда ушбу маскан маҳалла ёшлари учун спорт билан мунтазам шуғулланиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш учун хизмат қилмоқда.
Мусобақа якунига кўра, фахрли учинчи ўрин Сирдарё тумани ёшларига насиб этди. Ҳал қилувчи финал баҳсида эса Сайхунобод ва Гулистон тумани жамоалари ўзаро куч синашди. Муросасиз ва қизиқарли кечган учрашувда Гулистон тумани ёшлари мусобақанинг бош совринини қўлга киритишди.
Ушбу мусобақа вилоятдаги ҳар бир ёшга ички ишлар органлари томонидан эътибор қаратилаётгани, ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг ўзига хос намойишидир, — дейди Гулистон тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, майор Хуршид Муқимов. — Жумладан, Гулистон туманида ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзига йўналтиришга қаратилган профилактик тадбирлар бир кун ҳам тўхтагани йўқ.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга вилоят ИИБ кубоги, диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
