Тошкент вилоятида фуқароликка қабул қилинган шахсларга ID карталари тантанали тарзда топширилди
2026-08-27 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган шахсларга паспортларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, вилоят ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Сўзга чиққан вилоят ҳокими Зоир Мирзаев, давлатимиз раҳбарининг фуқароликка қабул қилиш борасидаги ислоҳотлари жамиятда адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Шунингдек, бундай ташаббуслар мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Маросим давомида Президент Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 48 нафар шахсга паспортлар тантанали равишда топширилди.
Тадбир якунида фуқароларга эзгу тилаклар билдирилиб, юртимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш истаги билдирилди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати








