Андижон вилоятида фуқаролиги тикланган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-картаси тантанали равишда топширилди
2026-08-27 09:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикасида фуқаролик масалалари қонунчиликда белгиланган тартибда, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш ҳамда уларни тегишли ҳужжатлар билан таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилмоқда.
Жумладан, 1960 йилда туғилган Абдуллаев Абдулазиз Турсуновичнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш масаласи ҳам амалдаги қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқилди.
Фуқаролик масаласидаги ҳуқуқий мақомини тиклаш мақсадида фуқаро Абдуллаев Абдулазиз Турсунович Балиқчи тумани ИИБ Миграция ва персоналлаштириш гуруҳига мурожаат қилиб, зарур ҳужжатларни белгиланган тартибда тақдим этди.
Мазкур мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар амалдаги қонунчилик талаблари асосида атрофлича ўрганилиб, натижада Абдуллаев Абдулазиз Турсуновичнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 августдаги ПФ–170-сонли Фармони қабул қилинди.
Шундан сўнг, мазкур Фармон асосида Абдуллаев Абдулазиз Турсунович номига Балиқчи тумани ИИБ Миграция ва персоналлаштириш гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси расмийлаштирилди.
Ушбу муҳим ҳужжат фуқарога Андижон вилояти ИИБ бошлиғи иштирокида тантанали равишда топширилди.
Таъкидлаш жоизки, фуқароликни тиклаш — инсоннинг давлат билан ҳуқуқий боғлиқлигини қайта тиклаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли амалга ошириши учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати



