ИИВ таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
2026-08-23 13:15:00 / Янгиликлар

Янги ўқув йилини муносиб кутиб олиш, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш ҳамда ўқувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ИИВ тасарруфидаги таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ИИВ ихтисослашган мактаб-интернати, 1- ва 2-сонли академик лицейлар ҳамда ИИВ Академиясидаги мавжуд шароитлар, ўқув жараёнини ташкил этиш имкониятлари ва моддий-техник база кўздан кечирилди.
Хусусан, ўқув хоналари, ётоқхоналар, ошхоналар, спорт ва маънавий-маърифий тадбирлар учун мўлжалланган жойларнинг ҳолати, уларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги ҳамда ўқувчилар учун яратилган шароитлар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, таълим муассасалари ҳудудининг ободонлаштирилганлиги, санитария-гигиена ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ҳолати ҳамда мавжуд имкониятларни янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Академияда барпо этилаётган қўшимча бинолардаги қурилиш-монтаж ишларининг бориши ҳам ўрганилиб, объектларни белгиланган муддатларда ва сифатли фойдаланишга топшириш, қурилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганиш якунлари бўйича таълим муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимларга янги ўқув йилини пухта тайёргарлик билан бошлаш, мавжуд шароитларни янада яхшилаш ҳамда ўқувчи ва курсантлар учун замонавий, хавфсиз ва қулай таълим муҳитини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Топшириқлар ижроси ҳамда таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати назоратга олинди.
ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминаш департаменти Ахборот хизмати



