Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди
2026-08-23 11:45:00 / Янгиликлар

Фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларга қонуний ечим топиш мақсадида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг навбатдаги қабули Тўрақўрғон тумани Маданият маркази биносида ўтказилди.
Қабулда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилотлар масъуллари иштирок этди. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига мурожаат қилган фуқароларнинг аризалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими қабулини сўраб келган фуқароларнинг моддий ёрдам, турар жой, кадастр, кредит, суд-ҳуқуқ ва бошқа масалаларга доир мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган қирқ нафардан зиёд фуқаронинг мурожаати ўрганилди.
Қабулга келиш имконига эга бўлмаган беш нафар фуқаронинг мурожаати онлайн тарзда кўриб чиқилди.
Ҳар бир мурожаат юзасидан қонуний ечим топиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича масъул ташкилотлар мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди. Айрим фуқароларга эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



