Биз — коррупцияга қаршимиз! Қимматга тушган мастлик
2026-08-23 00:15:00 / Янгиликлар

Ҳаммаси Қашқадарё вилояти ИИБ Шимоли-шарқий минтақавий ҳудуд йўл-патруль хизмати отряди ЙПХ инспектори, сафдор Шаҳзод Зоидовнинг ҳушёрлигидан бошланди. «Шаҳрисабз-Мираки» йўналишида хизмат олиб бораётган инспектор ҳаракатланишида шубҳа уйғотган «Cobalt»ни тўхтатди. Суҳбат давомида ҳайдовчи — бухоролик О.Равшанов рулни маст ҳолда бошқараётгани маълум бўлди. Баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдончасига жойлаштирилди.
Воқеалар ривожи шу билан тугамади. Қоидабузар ҳайдовчи қилмишидан тўғри хулоса чиқариш ўрнига, вазиятдан ноқонуний йўл билан чиқиб кетишга уринди. Орадан уч кун ўтиб, у вилоят ИИБ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт маркази туман (шаҳар)ларга хизмат кўрсатиш гуруҳи инспектори, катта сержант Комилжон Ҳасановнинг ҳузурига «муаммони ҳал қилиш» учун келди. Баённомани йўқ қилиш ва уловини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ходимга 1500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди. Катта сержант унга бу ҳаракати оғир жиноят эканини тушунтирди, аммо ҳайдовчи ўз фикридан қайтмади. Ходим пора билан ишни битирмоқчи бўлган фуқаро устидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилди.
Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда О. Равшанов 1500 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Спиртли ичимлик таъсирида автомашина бошқариш — жиноятга қўйилган биринчи қадам. Бу қадамни пора бериш билан яширишга уриниш эса сизни тўғри панжара ортига бошлайди. Юқоридаги каби воқеалар ўзгаларга сабоқ, нафсига қул бўлганларга дарс бўлиши лозим.
© «Постда» газетаси, Содиқ РАҲИМОВ, Қашқадарё вилояти.
