Тўйхат ўрнида. Тўқсонга туташган тақдир
2026-08-21 12:45:00 / Янгиликлар

Ўрта мактаб остонасидан катта ҳаётга қадам қўйган қаҳрамонимиз йигитлик бурчини ўташ учун олис Россиянинг Феодосия шаҳридаги ҳарбий денгиз флотига йўл олди. Мовий денгизнинг шиддатли тўлқинлари билан юзма-юз кечган тўрт йиллик хизмат уни тоблади ва қалбида букилмас қатъиятни шакллантирди.
Ҳарбийда тобланган ўғлон Тошкентга қайтиб, тақдирини эл осойишталигини сақлашдек масъулиятли соҳа билан боғлашга аҳд қилди. Пойтахтдаги ўрта-махсус милиция мактабини муваффақиятли тамомлаб, илк амалий маҳорат ва тажриба сабоқларини Тошкент вилояти ИИБ ЙҲНБ йўл ҳаракати назорат инспектори бўлиб хизмат қилган йилларда олди. Касбий маҳоратини узлуксиз оширишга бўлган кучли интилиш ҳамда юксак масъулият туйғуси уни ИИВ олий мактабига етаклади ва ҳуқуқшунос мутахассислигини эгаллади.
1968 йилдан ИИВ Ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармасида фаолият юритишни бошлаган Н. Шамшитдинов кейинги 14 йил давомида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, оғир йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда, ҳайдовчилар ва пиёдалар билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда фаол иштирок этиб, ўз ишининг фидойи устаси сифатида эл-юрт эътиборини қозонди.
Тажрибали ташкилотчи ва ўз касбининг фидойиси бўлган Низомиддин ака 1981 йилда Наманган вилоят ИИБ ДАН хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Ўша йилларда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими мураккаб даврни бошидан кечираётган, асосий кўрсаткичлар бўйича республикада охирги ўринда эди. У ўзининг бой тажрибаси, юксак ташкилотчилик маҳорати ва қатъий талабчанлигини ишга солиб, қисқа фурсат ичида хизматни тубдан яхшилади. Тизимга татбиқ этилган янгилик, ўзига хос иш услуби, мустаҳкам тартиб-интизом ва фидокорона хизмат натижаси ўлароқ, Наманган вилояти ДАН хизмати республикада 1-ўринга кўтарилди. Ушбу фидойилик эътироф этилиб, Н.Шамшитдиновга «полковник» махсус унвони берилди ҳамда вазирликнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Низомиддин аканинг сермазмун фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан бири унинг инсонпарварлиги ва ёшларга, шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатишдаги юксак мураббийлик маҳоратидир. Кўп йиллар давомида йўл ҳаракати хизмати йўналишида фаолият юритган ходим сифатида қоидабузарликка йўл қўйган фуқароларга нисбатан ёндашувини сўраганимизда, у шундай жавоб берди:
- Йўл-патруль хизмати инспекторининг нигоҳидан ҳеч бир тафсилот четда қолмаслиги зарур. Ушбу йўналишнинг асл моҳияти фақат қоидабузарликни қайд этиб, баённома ёзишдан иборат эмас, балки ҳайдовчига маданият улашиш, хатони ўз вақтида англатиб, юз бериши мумкин бўлган фожианинг олдини олишдир. Бироқ қўпол қоидабузарлик содир этган, айниқса, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариб, кайф-сафони инсонлар ҳаётидан устун қўйганларга нисбатан асло шафқат бўлмаслиги, қонун устуворлиги таъминланиши шарт.
Тажрибали раҳбарнинг ички ишлар органларидаги шарафли йўли нафақат юксак намуна, балки ҳақиқий устозлик мактабига айланди. Ушбу мактабда тобланган ва эътибор топган полковниклар Тошхўжа Раҳматуллаев, Мусахон Оппоқов, Абдуваҳоб Мирзақулов каби кўплаб эл эъзозидаги шогирдлар бугун ҳам устознинг бебаҳо ўгитлари, оқилона кўрсатмаларини чексиз эҳтиром ва фахр билан ёдга олишади.
Ички ишлар органларида 30 йилдан ортиқ фидокорона хизмат қилиб, юксак эҳтиром ва обрў-эътибор қозонган истеъфодаги полковник Низомиддин Шамшитдинов бугунги кунда фарзандлар ва невара-чеваралар ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.
Ибратли умр йўлининг тўқсонинчи довонида турган муҳтарам фахрийимизга мустаҳкам соғлиқ, тетиклик ҳамда элнинг дуогўйи бўлиб юришини тилаймиз.
Сарвар Собиров, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри
