Қашқадарёда жамоат хавфсизлиги ва байрам тадбирларини юқори савияда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-21 11:55:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоят ҳокими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга масъул идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш борасида берилган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Муроджон Азимов, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи, прокуратура, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари, ИИБ соҳавий хизматлар раҳбарлари,ҳамда ҳудудлардаги туман ва шаҳар жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун масъул раҳбарлар видеоселектор орқали иштирок этди.
Кун тартибида давлатимиз раҳбарининг тегишли қарор ва топшириқларида белгиланган вазифаларни ҳудудларда сифатли амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ҳамда бартараф этиш, профилактик ишларни манзилли ва самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар билан индивидуал профилактик ишларни кучайтириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Муҳокама давомида ҳудудларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ижро интизомини кучайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана — Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятида ўтказиладиган байрам тадбирларини юқори савияда, энг муҳими, аҳоли учун хавфсиз ва осойишта шароитда ташкил этиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, транспорт ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солиш, одамлар гавжум жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келиш эҳтимолини барвақт бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Видеоселектор орқали ҳудудлардаги вазият ҳам таҳлил қилиниб, байрам тадбирларига тайёргарлик ҳолати юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилди.
Ҳудуд раҳбарларига ҳар бир тадбир ўтказиладиган манзил бўйича хавфсизлик чораларини қайта кўриб чиқиш, зарур куч ва воситаларни тўғри тақсимлаш, масъул ходимларни бириктириш, транспорт оқимини тартибга солиш ҳамда аҳоли гавжум жойларда хавфсизликни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан таълим муассасалари ва уларга туташ ҳудудларда хавфсиз муҳитни таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш ҳамда аниқланган камчиликларни байрам тадбирлари ва ўқув йили бошлангунига қадар бартараф этиш вазифалари белгиланди.
Асосий мақсад — Қашқадарё вилоятида байрам тадбирларини тартибли, хавфсиз ва кўтаринки руҳда ўтказиш, аҳолининг осойишталигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг Мустақиллик байрамини хотиржам нишонлаши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



