Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлар ижроси танқидий-таҳлилий ўрганилди
2026-08-21 11:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратура раҳбарияти томонидан Президентимизнинг 2026 йил 5 январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлари ижроси доирасида Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, криминоген вазиятни барқарор сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, Кимё технологиялар институти Янгиер филиалидаги «Сунъий интеллект ва кибермарказ», Янгиер шаҳар ИИБ ҳамда «Ситуацион марказ» фаолияти кўздан кечирилди. Шунингдек, Мирзаобод туманида жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини кучайтириш ва жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини самарали ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Сирдарё вилояти прокуратурасида Бош прокурор биринчи ўринбосари, генерал майор Баҳриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазири биринчи ўринбосари, генерал майор Ботир Қудратхўжаев раҳбарлигида ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли қарорлар ижроси юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, ишлар самарадорлигини ошириш ва вилоятда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



