Ўқув жараёни ва ёш курсантларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор
2026-08-20 08:40:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Саттаров бошчилигида масъуллар томонидан ИИВ Ўқув дала марказининг фаолияти, мавжуд шарт-шароитлар ҳамда ўқув жараёнини янада такомиллаштириш масалалари ўрганилди.
Вазирлик Академиясига янги қабул қилинган ёшларнинг академия ҳаётига мослашуви, улар учун муносиб таълим ва тарбия муҳитини яратиш, шунингдек, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш чоралари кўрилди.
Шу мақсадда марказидаги ётоқхона, кутубхона, ошхона, ўқув хоналари ҳамда бошқа инфратузилма объектларининг ҳолати кўздан кечирилди. Ўқув машғулотларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, дарс жараёнини янги босқичга олиб чиқиш ва курсантлар учун қулай таълим муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ёшларнинг психологик ҳолати, ижтимоий мослашуви, маънавий-маърифий муҳити ва жамоага интеграциялашуви билан боғлиқ масалалар ҳам ўрганилди. Курсантларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонлик ва маънавий-маърифий тадбирларни тизимли йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Марказда яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш, ўқув ва тарбия жараёнларининг самарадорлигини ошириш, энг муҳими, тизимга илк қадам қўяётган ёшларни муносиб қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Зеро, сифатли таълим, соғлом маънавий муҳит ва муносиб шарт-шароит келажакда билимли, жисмонан ва руҳан баркамол, Ватанга садоқатли ички ишлар органлари ходимларини тайёрлашнинг муҳим омилидир.






