Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш — устувор вазифа
2026-08-19 19:55:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилоятида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Маҳаллалар уюшмасининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда масъул раҳбар ва ходимлар, Маҳаллалар уюшмаси вакиллари ҳамда вилоятдаги 221 та маҳалла раиси иштирок этди.
Йиғилишда профилактика инспекторлари, маҳалла раислари ва фаолларининг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, ҳудудлардаги муаммоли оилалар, ёшлар ва профилактик ҳисобда турган шахслар билан манзилли ишлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат вазифаларини виждонан бажариши, улар фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



