Андижонда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари натижалари муҳокама қилинди
2026-08-18 20:25:00 / Янгиликлар

Тадбирнинг биринчи масаласи доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июлдаги 445-сон қарори ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан Андижон вилоятида амалга оширилган “Андижон вилояти жиноятчилигини тадқиқ қилиш” ҳамда “Қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятининг салбий тенденциялари ва омилларини бартараф этиш” номли илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари натижалари тақдим этилди ва уларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама давомида мазкур лойиҳалар доирасида илгари сурилган таклиф ва тавсиялар, илмий тадқиқотлар давомида аниқланган хулосалар ҳамда жиноятчиликка таъсир этувчи омиллар бўйича олинган натижалар амалиёт билан уйғунлаштирилган ҳолда тушунтирилди. Лойиҳаларда назарда тутилган чора-тадбирларни амалиётга жорий этиш механизмлари ва улардан жиноятчиликнинг олдини олишда самарали фойдаланиш усуллари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, мазкур тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-21-сон Фармони ижросини таъминлаш, Ички ишлар вазирининг 2026 йил 17 июлда тасдиқланган 40/19-сон режа-топшириғи доирасида белгиланган вазифаларни жойларда самарали ташкил этиш бўйича амалий семинар-тренинг ўтказилди.
Машғулотда Андижон вилояти ИИБ соҳавий хизмат бошлиқларининг ўринбосарлари, ахборот-таҳлил йўналишидаги масъул ходимлар иштирок этди. Шунингдек, шаҳар ва туман ички ишлар органларининг штаб бошлиқлари ҳамда тегишли ўринбосарлари видеоконференцалоқа орқали тадбирга жалб этилди.
Семинар-тренингда ходимларга стратегик режалаштириш ва таҳлилнинг замонавий усуллари – SWOT, PESTEL, стресс-тестинг, сценарий таҳлили ва бошқа ёндашувлардан фойдаланиш бўйича амалий тушунчалар берилди. Мазкур усуллар орқали ҳудуддаги мавжуд таҳдид ва имкониятларни баҳолаш, жиноятчиликнинг эҳтимолий ўсиш нуқталарини аниқлаш, хавфларни олдиндан баҳолаш ҳамда мавжуд ресурсларни устувор йўналишларга мақсадли йўналтириш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, тадбирда Криминология тадқиқот институти томонидан Андижон вилоятида келгуси йилларда ўсиши эҳтимоли бўлган айрим жиноят турлари бўйича илгари сурилаётган прогноз ва таҳлилий хулосаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур прогнозлардан стратегик режаларни шакллантириш, профилактик чора-тадбирларни олдиндан белгилаш ва жиноятчиликнинг эҳтимолий салбий тенденцияларига нисбатан таъсирчан чораларни ишлаб чиқишда фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти илмий ходимлари томонидан ички ишлар органларида стратегик режалаштириш ва ривожлантириш, белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш, уларнинг ижросини аниқ натижалар асосида баҳолаш ҳамда натижадорликни таъминлаш бўйича тушунтиришлар берилди.
Муҳокамалар якунида илмий тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий қилиш, ҳудуддаги криминоген вазиятни стратегик таҳлил қилиш, аниқланган муаммолар ва эҳтимолий хавфларни барвақт аниқлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик чораларни кучайтириш ҳамда келгуси давр учун устувор вазифаларни белгилаш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди, ҳудуддаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати









