Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги вазирлик делегацияси Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти иштирокчи - давлатлар ички ишлар вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этди
2024-09-06 17:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги вазирлик делегацияси жорий йилнинг 6 сентябрь куни Қирғиз Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти иштирокчи - давлатлар ички ишлар вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимиз қатори Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ички ишлар вазирлари, шунингдек Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев бошчилигидаги соҳа мутахассисларидан иборат делегациялар қатнашдилар.
Томонлар, мазкур форматдаги тадбир, иштирокчи мамлакатлар халқларининг тарихий алоқалари, умумий тили, маданияти ва анъаналарига асосланиб, туркий халқларнинг маънавий яқинлашувига, қардошлик бирлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожланишига катта хисса қўшишини алоҳида таъкидладилар.
Тадбир жараёнида иштирокчилар, ташкилот доирасидаги мамлакатларда жиноятчиликка, шу жумладан, экстремизм, одам савдоси, кибержиноятлар, наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиб, ички ишлар вазирликларининг мазкур йўналишлардаги тегишли бўлинмалар ҳамкорлигининг истиқболларини белгилаб олишди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган тадбирда томонлар, мазкур форматдаги учрашувлар идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида урғу бериб, Туркий давлатлар ташкилоти ички ишлар вазирлари биринчи йиғилишининг Декларациясини имзоладилар.
ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси