«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида юртдошларимизни жиноятчиликка қарши курашиш йўлида бирлаштирди
2026-08-17 11:45:00 / Янгиликлар

Сўнгги 45 кун давомида мамлакатимиз миқёсида ўтказилган, марказий шаҳарлардан тортиб энг чекка ҳудудларни ҳам қамраб олган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари халқимизни жиноятчиликка қарши курашиш йўлида бирлаштирди.
Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ҳар бир саф бўлинмаси вакили, маҳалла профилактика инспектори, тезкор-тергов тузилмаларининг илмий таҳлил ва қатъий ҳамкорлик асосидаги хизмати йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида масъуллар бириктирилган ҳудудда мунтазам ўрганиш ишларини олиб бориб, криминоген вазияти мураккаб туманларда, жиноятчиликни жиловлашга доир локал ечимлар татбиқ этилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари доирасида жами 114 031 та тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 11 363 та жиноятлар аниқланди.
Содир этилган 6 915 та жиноятлар фош этилди.
Қидирувда юрган 2 140 нафар шахслар ушланиб, суд ва тергов органларига топширилди.
Турли сабаблар билан бедарак йўқолган 1 578 нафар шахслар топилиб, хавфсизлиги таъминланган ҳолда оиласи бағрига қайтарилди.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар муомаласига қарши курашиш йўналишида ўтказилган 3 695 та тезкор тадбирлар давомида 369 кг. гиёҳвандлик моддалар, 66 минг дона психотроп дори воситалари олинди.
Вертолёт ва дрон ёрдамида аниқланган 44 919 туп гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди.
Интернет орқали 122 нафар гиёҳвандлик воситаларини кўмиб тарқатаётган шахслар ушланиб, улар томонидан чизилган 381 та наркограффитилар ўчирилди.
Тезкор қидирув тадбирлари билан бир қаторда тарғибот ва тушунтириш ишларига ҳам алоҳида урғу берилиб, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари батафсил тушунтириб берилди.
Бу борада соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва тиббиёт ходимлари билан узвий ҳамкорликда иш ташкил этилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги давомида наркожиноятлар уруғини сочиш учун бирлашган жиноятчилар, уюшган гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш, улар томонидан ташкил этилган нарколабораторияларни аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича ҳам қатъий чора-тадбирлар белгиланди.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 3 588 та жиноий ҳолатлар аниқланди.
Жиноий гуруҳ ва шахслардан 6 дона пистолет, 269 дона ов қуроли, 15 дона қўлбола усулда ясалган ва 366 дона пневматик қуроллар ҳамда 10 430 дона ўқ-дорилар олинди.
Маълумки, сўнгги вақтларда гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатиш, айниқса ёшларни бу жиноят тўрига жалб этиш оммалашиб бормоқда.
Бу каби хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда аҳолининг даромадлари, онлайн маблағлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, интернетда ўтказилган мониторинглар таҳлил қилинмоқда.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбир бошидан жами 438 та кибержиноят аниқланиб, фош этилмаган кибержиноятларнинг 3 140 таси фош этилиши таъминланди ва фуқароларга етказилган 3 млрд 564 млн сўм зарар ундирилди.
Жиноятларнинг салбий оқибатларини тушунтириш биринчи навбатда маҳалла фаоллари миқёсида олиб борилди.
Криминоген оғир, бир неча йиллар давомида «қизил» тоифада бўлган маҳаллаларга Ички ишлар вазирлигидан масъуллар бириктирилиб, муаммолар тизимли равишда ўрганилди.
Бунинг натижасида қисқа фурсатда маҳалла жиноятчилигини олдини олиш бўйича юқори кўрсаткичларга эришилмоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам бир нечта маҳаллалар «қизил» тоифадан чиқарилди.
Сўнгги 3 йил мобайнида «қизил» тоифада бўлган «Навбаҳор» маҳалласи ҳам айни вақт «яшил» тоифада қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиздаги барча маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда ижтимоий профилактикага алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
380 300 нафар шахсларга ижтимоий профилактик муаммолар бўйича хулосалар берилиб, уларнинг 341 613 нафарининг муаммоси ҳал этилди.
38 194 нафар аёлларга ҳимоя ордери берилган бўлса, 26 138 нафар узоқ муддатдан сўнг чет мамлакатлардан яшаш манзилига қайтган фуқаролар ўртасида тегишли профилактик ўрганишлар олиб борилди.
Шу билан бирга ҳудудларда жиноятларнинг аксарият қисми тунги вақтларда содир этилаётганлигини инобатга олиб, хизмат ҳудудлари бўйича қўшимча куч-воситалар жалб этилди.
Бу ўз ўрнида тиғли жисм билан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларни олдини олишга хизмат қилмоқда.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўча ва жамоат жойларида қўшимча 262 та патруллик ва 254 та ҳамкор йўналишлари фаолияти йўлга қўйилди.
Нарядлар томонидан 25 278 та тиғли буюм олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Тиғли буюмларни ноқонуний равишда олиб юришга чек қўйиш, гиёҳвандлик воситаларининг айланмасига қарши курашишда мунтазам Йўл-патруль хизмати масканларида ҳам фаол иш ташкил этилди.
Ҳар бир қўпол қоидабузарлик Йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан назоратга олиниб, келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олди олинмоқда.
Бундан ташқари, «Равон йўл» ҳамда «Йўл – пиёда учун» тамойиллари асосида пиёда ва ҳайдовчиларнинг хотиржам ҳаракатланишлари учун замонавий йўл инфратузилмаси яратилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида сўнгги 45 кунда 360 094 та қўпол қоидабузарликлар аниқланиб, 155 226 та транспорт воситалари вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди.
Йўлларга қўшимча 75 134 йўл белгилари ўрнатилиб, 274 000 кв.м йўл чизиқлари чизилди.
Фуқаролар учун осойишта муҳит, барқарор тадбиркорлик учун хавфсиз шарт-шароитларда, мол-мулк дахлсизлигидан хотиржам ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Қўриқлаш хизматида замонавий хавфсизлик тизимлари жорий этилмоқда.
ИИВ Қўриқлаш департаменти томонидан 21 859 та хонадон ва 12 768 та савдо ҳамда бошқа турдаги объектлар техник қўриқловга олинди.
3 815 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ўрнатилиб, 111 026 та ташвиш хабарлари бўйича тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг ўз вақтида етиб бориши таъминланди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари мана шундай ҳар бир йўналишни қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Пировардида эса давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатидан муносиб муҳофаза қилишдек олий мақсад турибди.
Она Ватанимизнинг ҳар бир маҳалласини, ҳар бир кўчасини жиноятдан холи ҳудудга айлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшиш олдимизда турган энг муҳим вазифа саналади.
Бу йўлда Янги Ўзбекистон ички ишлар органлари барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда ўз хизмат вазифасини самарали ва садоқат билан давом эттиради.
ИИВ Ахборот хизмати








