Аёл ва жамият. Умид ва ишонч туташган манзил
2026-08-15 16:45:00 / Янгиликлар

Оила тинч бўлса, маҳалла ва юртда осойишталик қўним топади. Ана шу занжирнинг энг нозик, аммо энг муҳим ҳалқаси — хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммосига ўз вақтида ечим топиш. Шеробод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бойича катта инспектори, капитан Сурайё Худойқулова ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари томонидан амалга оширилаётган ишларни ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси, дейиш мумкин.
Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори энг аввало, муаммонинг илдизини топиши, тегишли ташкилотларни бир мақсад атрофида бирлаштириши ва инсонни муаммо билан ёлғиз қолдирмаслиги лозим. Бунинг амалий натижасини рақамлар ҳам тасдиқлайди. Жорий йилнинг олти ойида 43888 та хонадон хатловдан ўтказилди. Ҳар бир хонадонга кириб бориш орқали оилаларнинг ижтимоий аҳволи, бандлиги, соғлиғи, ҳуқуқий эҳтиёжлари ва бошқа муаммолари ўрганилди. Бу жараёнда 5798 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз аниқланиб, «Аёллар дафтари»га киритилди.
Эътиборлиси, мазкур тизимда асосий мақсад рўйхатни кўпайтириш эмас, балки ундан чиқаришдир. Яъни аёлнинг муаммоси ҳал этилса, у давлат кўмагига муҳтож тоифадан мустақил ҳаёт кечирадиган инсонга айланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, бандликни таъминлаш энг самарали профилактика чораларидан бири ҳисобланади. Даромад манбайи бор инсоннинг эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади. Ишсизлик эса аксарият ҳолларда оилавий келишмовчиликлар, низолар ва ҳатто айрим ҳуқуқбузарликларнинг илк сабабларидан бирига айланади.
Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган 3224 нафар хотин-қиздан 1785 нафарининг иш билан таъминлангани бежиз эмас. Бу юзлаб оилаларда моддий барқарорлик тикланганини, фарзандлар таълими ва оила муҳити яхшиланганини англатади.
«Аёллар дафтари»нинг иккинчи тоифасига киритилган 124 нафар хотин-қиз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки кенгайтириш истагини билдиргач, улардан 47 нафарига имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож бўлган 55 нафар хотин-қиз аниқланиб, уларнинг барчаси бўйича тегишли далолатномалари расмийлаштирилиб, қурилиш материаллари ажратиш ишлари амалга оширилмоқда.
- Оилавий низоларнинг аксарияти руҳий тушкунлик, стресс ёки узоқ вақт ечим топмаган ижтимоий муаммолар оқибатида келиб чиқади, — дейди капитан Сурайё Худойқулова. — Шу сабабли тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож деб топилган хотин-қизлардан 1498 нафарига тиббий ва психологик хизматлар кўрсатилди. Амалиётда психолог маслаҳати орқали ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг сақлаб қолингани, узоқ вақт мулоқот қилмаган оила аъзоларининг ярашгани каби ҳолатлар ҳам бор.
Кўплаб хотин-қизлар алимент, мерос, никоҳ, ажрим ёки мулкий муносабатлар бўйича ўз ҳуқуқларини тўлиқ билмайди. Жорий йилда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган 293 нафар хотин-қиз рўйхатга олиниб, уларнинг 182 нафарига ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди. Қолаверса, 236 нафар жабрланган хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Ҳимоя ордерлари орқали оғир оқибатларнинг олди олинмоқда.
Энг муҳими, бугун ички ишлар органлари ҳар бир мурожаатга ҳуқуқий ҳужжат сифатида эмас, инсон тақдири сифатида ёндашмоқда. Зеро, бир аёлнинг кўнглида пайдо бўлган ишонч — бутун бир оиланинг келажагини сақлаб қолиши мумкин.
Феруза Раҳмонқулова, ўз мухбиримиз. «Постда»
Сурхондарё вилояти
