Тошкент вилоятида кибержиноятчиликка қарши курашиш ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2026-08-15 14:10:00 / Янгиликлар

Хусусан, Тошкент вилояти ИИББ, вилояти Прокуратураси ва «Cyber University» давлат университети ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган Меморандум ва унга илова этилган Қўшма дастур тасдиқланди.
Мазкур келишув замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, киберхавфсизлик соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасаси ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Меморандум доирасида «Cyber University» талабалари учун Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасининг тегишли бўлинмаларида, хусусан, Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасида амалиёт ўташ имкониятлари яратилиши белгиланган. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш, рақамли технологиялар билан ишлаш ва кибер таҳлил соҳасида замонавий усулларни ўзлаштиришда университет имкониятларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши — аҳоли, айниқса, ёшлар ва кексалар ўртасида кибержиноятлардан ҳимояланиш, кибергигиэна ва кибер маданиятни оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини биргаликда амалга оширишдир.
Шу билан бирга, келишув доирасида доирасида юридик клиника ташкил этиш, киберхавфсизлик лабораториясини яратиш ҳамда талабаларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти билан яқиндан танишиши учун амалий имкониятлар яратиш режалаштирилган.
Томонлар мазкур ҳамкорлик келгусида кибержиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соҳада замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш ҳамда аҳолининг кибер маданиятини юксалтиришда муҳим натижалар беришини таъкидладилар.
Мазкур Меморандум ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериб, киберхавфсизлик соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш ва рақамли жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати



