Жиззах вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2026-08-15 11:50:00 / Янгиликлар

Хусусан, Шароф Рашидов тумани Тоқчилик маҳалласида барпо этилаётган ҳуқуқ-тартибот маскани ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини биносининг қурилиш жараёни кўздан кечирилиб, объектларни белгиланган муддатларда ва сифатли якунлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Мазкур маскан профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Дўстлик тумани марказидаги истироҳат майдонида байрам тадбирларига тайёргарлик ва хавфсизлик чоралари ўрганилиб, аҳоли, айниқса, болалар ва кексаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши, пиёдалар йўлаклари, гавжум жойлар, ҳаракатланиш йўналишлари ҳамда ҳудуднинг тунги ёритилиши ҳолатига баҳо берилди.
Арнасой туманида эса ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш, жумладан, «Бўстон» маҳалласидаги бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди. Лойиҳалар ижроси, ички йўллар ва инфратузилмани яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш ишлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати



