Андижон вилояти ИИБда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-15 11:15:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, ходимлар томонидан қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, уларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ҳамда хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан бажаришни таъминлаш тизим фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Андижон вилояти ички ишлар органларида ҳам бу борада тизимли профилактик ишлар амалга оширилиб, хизмат интизоми ва қонунийлик ҳолати мунтазам таҳлил қилиб борилмоқда.
Шу мақсадда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Комплаенс хизмати, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда Андижон вилояти ИИБ ҳамда ҳудудий ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд ҳолат ва йўл қўйилаётган камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда, аввало, ходимлар томонидан хизмат интизоми ва қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш, салбий ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда уларни барвақт бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, хизмат интизоми билан боғлиқ ҳар қандай қонунбузилиш ҳолатига йўл қўймаслик, ходимлар ўртасида ҳуқуқий ва касбий маданиятни юксалтириш, профилактик тадбирларни кучайтириш, раҳбарларнинг қўл остидаги ходимлар билан ишлашда шахсий масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан хизмат вазифаларини виждонан бажаришини таъминлаш ҳамда келгусида қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати



