ИИВ раҳбарияти томонидан ИИВ ҳузуридаги “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилояти кенгаши биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечирилди
2026-08-15 00:05:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимовнинг Жиззах вилоятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишуви давом этмоқда.
Навбатдаги ўрганиш вилоят ИИБ Киберхавфсизликка қарши курашиш бошқармасида ўтказилди. Унда кибержиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга қарши самарали чоралар кўриш борасидаги ишлар ўрганилди.
Соҳа мутасаддилари томонидан киберхавфсизлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан тақдимот ўтказилди. Шу билан бирга, бошқарма ходимлари учун яратилган хизмат шароитлари кўздан кечирилди.
Ўрганиш якунида кибержиноятчиликнинг олдини олиш, бундай жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек Жиззах вилоятидаги хизмат сафари давомида Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов ИИВ ҳузуридаги “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилояти кенгаши биносида олиб борилаётган таъмирлаш ишларини кўздан кечирди.
Ўрганиш жараёнида объектда бажарилаётган ишлар сифати, таъмирлаш суръати ҳамда лойиҳада белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Масъулларга қурилиш меъёрлари ва техник талабларга қатъий риоя қилиш, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда биноларни замонавий талаблар асосида жиҳозлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Бунда ички ишлар органлари ходимларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитларни яратиш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Хусусан, Жиззах шаҳридаги “Яшил жамоат боғи” ҳудудида барпо этилаётган амфитеатр қурилиши жараёни кўздан кечирилди.
Масъуллар томонидан объектда олиб борилаётган қурилиш ишлари, уларнинг бориши ҳамда белгиланган вазифалар ижроси ҳақида ахборот берилди. Мазкур жараёнда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг оммавий тадбирлар вақтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини олдиндан белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
Шу мақсадда объект ҳудуди ва унга туташ жойларга кузатув камераларини ўрнатиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимовнинг Жиззах вилоятидаги хизмат сафари давомида Ш. Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида ички ишлар органлари ходимлари учун барпо этилган якка тартибдаги уй-жойларда яратилган шароитлар ҳам ўрганилди.
Ташриф чоғида уй-жойларнинг ҳолати, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шароитлар билан танишилди.
Шунингдек, мазкур ҳудудда қурилиши давом этаётган меҳмонхона ва мактабгача таълим ташкилоти объектларидаги ишлар, шунингдек, ҳудудни ободонлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Масъулларга қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш, ҳудудни ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда ходимлар учун муносиб ижтимоий-маиший шароитларни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш Департаменти Ахборот гуруҳи



