Жиззах вилоятида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида профилактик ишлар таҳлил қилиниб, аниқ вазифалар белгилаб берилди
2026-08-13 14:45:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзарахимов Жиззах вилоятига хизмат сафари давомида “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбири доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Вилоят ички ишлар бошқармасида масъул раҳбарларнинг ахборотлари эшитилиб, ҳудудлардаги криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, тадбир доирасида маҳаллаларда профилактик ишларни манзилли ташкил этиш, жамоат жойларида хавфсизликни кучайтириш, аҳоли билан бевосита мулоқотларни йўлга қўйиш ҳамда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича профилактик ишлар кучайтирилмоқда.
Вазир ўринбосари профилактик тадбирларни умумий эмас, балки ҳар бир ҳудуддаги аниқ вазиятдан келиб чиқиб ташкил этиш, эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.
Шунингдек, аҳоли билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, хизмат интизоми ва қонунийлик талабларига қатъий риоя этиш муҳимлиги таъкидланди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида Жиззах вилоятидаги профилактик чора-тадбирлар изчил давом эттирилиб, асосий эътибор ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уларни келтириб чиқарувчи сабаблар билан курашишга қаратилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати



