Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг сайёр қабули ташкил этилди
2026-08-13 13:10:00 / Янгиликлар

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда уларга тезкор ечим топиш бугунги кунда Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Шу мақсадда Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фаррух Хайдаровнинг Гулистон шаҳар «Обод юрт» маҳалласида навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди.
Унда маҳалла фаоллари, фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари иштирок этди.
Қабул давомида аҳоли вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ҳамда паспорт олиш, йўл қатнов қисмларига сунъий нотекисликлар ўрнатиш, профилактика ҳамда ҳудуддаги дарахт ва буталарни тартибга келтириш каби 12 та масалаларда амалий ёрдам сўралди.
Билдирилган мурожаатлар юзасидан жойида масъул раҳбарлар ва мутасадди ташкилотлар вакилларига тегишли топшириқлар берилиб, шу вақтнинг ўзида ижобий ҳал қилиш имкони мавжуд бўлган масалалар юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. Қўшимча ўрганиш ва муддат талаб этадиган мурожаатлар юзасидан аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишга қаратилган бундай сайёр қабуллар ҳудудларда давом этмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати



