Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Навоийда Мустақиллик байрами тадбирлари хавфсизлиги таъминланиши ҳамда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
2026-08-13 11:55:00 / Янгиликлар

Мустақиллик байрами муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли оммавий тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айниқса, байрам тадбирларини аҳоли учун хавфсиз ва юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Баходир Мирзараҳимов хизмат сафари давомида Навоий шаҳри ҳамда Кармана туманида бўлиб, Мустақиллик байрами муносабати билан оммавий тадбирлар ўтказилаётган ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни ўрганди.
Ўрганишлар давомида, аввало, байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар, аҳоли гавжум жойларида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар ҳам кўздан кечирилди.
Масъулларга байрам тадбирлари давомида хавфсизлик чораларини янада кучайтириш, хизматга жалб этилган ходимларнинг ҳушёрлиги ва тезкорлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни тўғри йўлга қўйиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларга зудлик билан чора кўриш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, транспорт оқимини самарали бошқариш ҳамда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Мустақиллик байрами тадбирларининг тинч, осойишта ва хавфсиз ўтиши учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари байрам кунлари жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини юксак масъулият билан бажаради.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи



