ИИВ Тиббиёт муассасаларида. Шифо ва меҳр маскани
2026-08-13 08:25:00 / Янгиликлар

Самарқанд вилояти ИИБ Тиббиёт госпиталида замонавий тиббий хизматларни ташкил этиш, беморлар учун муносиб шароит яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муассасада аниқ ташхис қўйиш, даволаш ва самарали реабилитация муолажалари йўлга қўйилган.
Муассасада осойишталик посбонлари ҳамда уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшган фахрийларга ҳам тиббий хизматлар кўрсатилиши ижтимоий ҳимоянинг амалий ифодасидир.
Истеъфодаги сержант Эргаш Саидқулов ички ишлар органларида 25 йил хизмат қилган. Ҳозир у госпиталда саломатлигини тикламоқда.
- Келганимга ўн кун бўлди. Бу ерга ҳансираш, юрак безовталиги ва қон босими кўтарилиши билан мурожаат қилгандим, — дейди фахрий. — Зарур дори-дармонлар ва муолажалар туфайли ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман, ҳатто зиналардан бемалол чиқяпман. Белимдаги оғриқлар ҳам чекинди. Биз, соҳа фахрийларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан чин дилдан қувонамиз.
Саломатликни асраш йўлидаги бундай эзгу саъй-ҳаракатлар ходимларнинг шарафли хизматини қадрлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Самарқанд вилояти ИИБ Тиббиёт госпитали жамоаси ана шу олижаноб мақсад йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.
© «Постда» газетаси, Умида МАМАДАЛИЕВА, Самарқанд вилояти.
