Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаб келаётган долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди
2026-08-10 14:45:00 / Янгиликлар

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник У.А.Мирзақамбаров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, улар бўйича аниқ натижаларга эришиш бугунги кунда барча давлат органлари, хусусан, ички ишлар органлари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларни чуқур ўрганиш, ечимини кутаётган масалаларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатлар билан ишлашда формал ёндашувга йўл қўймаслик бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.
Қабул жараёнида фуқароларнинг ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ соҳаларга оид мурожаатларини тинглаш, ҳар бир мурожаат юзасидан мурожаатчиларнинг фикр ва таклифларини атрофлича ўрганиш, мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шундан сўнг, Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан қабулга келган фуқаролар билан уларнинг муаммолари юзасидан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш жараёни бошланиб, аҳоли томонидан кўтарилган масалалар, хусусан, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов, эксперт-криминалистика фаолияти, ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлари, шунингдек, миграция ва персоналлаштириш ҳамда бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар қабул қилинди ва уларни тезкорлик билан қонуний ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ кўрсатмалар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Қабул давомида, жами 15 нафар фуқароларнинг 15 та мурожаатлари ўрганилди. Мурожаатларнинг 2 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиниши, 1 таси чет эл фуқаросининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномасини расмийлаштириш, 1 таси чет эл фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олишда ҳуқуқий маълумот олиш, 2 таси Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш паспорти олинишида турли идоралар томонидан қўйилган тақиқларни ечилишида ва хорижга чиқиш паспортини олиш юзасидан, 8 таси ID-карта олишда амалий ёрдам сўраб ва 1 таси ички ишлар органларига оид бошқа масалаларни ташкил этади.
Келиб тушган мурожаатларнинг 10 таси ёки 85 фоизи шу жойнинг ўзида қаноатлантирилди. Қолган 5 та мурожаат ёки 15 фоизи қўшимча ўрганиш талаб этганлиги сабабли ижрога йўналтирилиб, ўз вақтида ва холисона кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида кўтарилган долзарб муаммоларни ҳудудлар ва масалалар кесимида пухта таҳлил қилиш, уларни келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти Ахборот гуруҳи




