Елкама-елка. Ака-сингил суриштирувчилар бир соҳа, бир йўналиш, бир хил масъулият
2026-08-09 13:20:00 / Янгиликлар

Баъзан шундай воқеалар бўладики, уларни эшитиб худди кино сценарийсига дуч келгандек бўласиз. Бу сафарги ҳикоямиз тўқима эмас, балки айнан бугунги ҳаётимиздан олинган воқеликдир.
Сизга бир оилада туғилиб ўсган, кейинчалик бир олий ўқув даргоҳида таҳсил олиб, бугунги кунда бир тизимда елкама-елка хизмат қилаётган ака-сингил лейтенантлар — Абдукабир Муродалиев ва Осиё Муродалиева ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.
Абдукабир ва Осиё — оддий оила фарзандлари. Отаси ҳайдовчилик касби орқали фарзандларига ҳалоллик ва масъулиятни ўргатган бўлса, онаси ўқитувчи сифатида юзлаб ёшлар қатори, ўз фарзандларининг ҳам қалбига билимга иштиёқ ва ватанпарварлик туйғуларини сингдирди. Самимий оилавий муҳитда вояга етган ака-сингил болаликданоқ форма кийиш ва осойишталик посбони бўлиш орзуси билан улғайди.
Эътиборли жиҳат — ака-сингилнинг ҳаёт йўлидаги такрорланмас мутаносиблик. ИИВ Академиясига ўқишга кириш қанчалик мушкул ва рақобатли эканини кўпчилик яхши билади. Лекин улар бир вақтнинг ўзида ушбу нуфузли даргоҳга ўқишга кириб, бир курсда ўқиди. Таҳсил давомида бир-бирига суянч бўлишди. Иккаласи ҳам ўтган йили Академияни муваффақиятли тамомлаб, «лейтенант» махсус унвонини олди.
Абдукабир хизмат фаолиятини Ангрен шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлимида бошлаб, тезкор-қидирув тадбирларида чиниқди. Осиё эса илк хизмат фаолиятини вояга етмаганлар бўйича инспектор сифатида бошлади. Ёшлар билан ишлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тажриба ва кўникмасини оширди. Бу дастлабки босқич иккала ёш ходим учун ҳам келгусидаги янада масъулиятли вазифаларга тайёргарлик мактаби бўлди.
Бугунги кунда Ангрен шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида камдан-кам учрайдиган ҳолат кузатилмоқда. Ака — лейтенант Абдукабир Муродалиев катта суриштирувчи лавозимида хизмат қилаётган бўлса, унинг синглиси — лейтенант Осиё Муродалиева суриштирувчи сифатида фаолият юритмоқда.
Тасаввур қилинга: бир оиланинг икки вакили, бир соҳа, бир йўналиш ва бир хил масъулият!
Жиноят тафсилотларини ўрганиш, ҳужжатлар билан ишлаш ва қонун устуворлигини таъминлашда ака ва сингил бир-бирига нафақат ҳамкасб, балки энг яқин маслаҳатчи ҳам. Мураккаб иш жараёнларида Абдукабирнинг жиноят қидирув соҳасида орттирган тажрибаси ва Осиёнинг синчковлиги асқатмоқда.
Ака-сингил суриштирувчиларнинг ҳаёт ҳикояси шуни кўрсатадики, ҳақиқий муваффақиятга эришиш, жамиятда муносиб ўрин топиш учун ҳалол меҳнат, қатъий интилиш ҳамда оилавий жипслик керак. Бу қадриятлар инсонни юксак чўққиларга олиб чиқа олади.
Аброр Поёнов, катта мутахассис-мухбир, катта сержант. «Постда»
Тошкент вилояти
