Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги «Гулистон» маҳалласида хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди
2026-08-09 11:45:00 / Янгиликлар

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли профилактик тадбири доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими, Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалласи, Қирғоқ бўйи кўчасида хавфсиз муҳитни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мазкур кўчада “Хавфсиз кўча” тамойили асосида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилиб, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Қўриқлаш хизмати томонидан кўчадаги барча хонадонлар қўриқловга олиниб, фуқароларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда замонавий қўриқлаш сигнализация воситалари ҳамда кузатув камералари ўрнатилди. Бу эса ҳудудда хавфсизликни таъминлаш, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фавқулодда ҳолатларга тезкор чоралар кўриш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Шунингдек, шу ернинг ўзида вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди.
Унда ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, объект ва хонадонларни қўриқловга олиш кўламини кенгайтириш, фуқаролар ўртасида профилактик ва тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда хавфсизликни таъминлаш фақат масъул идоралар эмас, балки маҳалла ва фуқароларнинг ҳамкорлигида амалга оширилгандагина юқори самарадорликка эришиш мумкинлиги таъкидланди.
“Хавфсиз кўча”, “Хавфсиз маҳалла“ тамойили асосида амалга оширилаётган бундай амалий ишлар ҳудудларда осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг мол-мулки ва хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Йиғилишда вилоят Қўриқлаш хизмати бошлиғи, Термиз ИИБ бошлиғи ҳамда Гулистон маҳалласи еттилигининг ҳисоботи тингланди.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти



