Соҳа фидойилари. Энг муҳими — хатони англаш
2026-08-09 08:05:00 / Янгиликлар

Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 3-сафарбарлик отряди инспектори, сафдор Маъруф Сатторов тизимда хизмат фаолиятини 2020 йилда бошлаган эди. Ўтган қисқа вақт ичида у нафақат ҳамкасбларининг, балки кўпгина ҳайдовчиларнинг, хизмат ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг ҳам ҳурматини қозониб улгурди. Боиси, у бошқаларнинг мушкулини осон қилишга интилади, қўлидан келган ёрдамини аямайди.
Табиатан хушчақчақ ва хушмуомала, масъулиятли лавҳамиз қаҳрамони Кармана туманидаги Навоий иссиқлик электр станцияси яқинидаги мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб боради. Маскан Навоий вилоятини Бухоро ва Хоразм вилоятлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи муҳим транспорт йўналишида жойлашган. Сафдор М. Сатторов юк ташиш қоидаларига риоя этилиши, транспорт воситаларининг техник ҳолати, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинишига алоҳида эътибор қаратади. Узоқ масофани босиб ўтган ҳайдовчиларга дам олишни тавсия қилиб, чарчоқ оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари юз бериши мумкинлигини тушунтиради.
Шундай хизмат кунларининг бирида йўлда ҳаракатланаётган юк машинаси Маъруф Сатторовнинг диққатини тортди. Автоуловга ортилган йирик тошлар ҳаракат вақтида қимирлаётганини кўриб, агар улар тушиб кетса фалокатга сабаб бўлишини сезиб, ҳайдовчига тўхташ ишорасини қилди. Текширув давомида транспорт воситасига белгиланган меъёрдан ортиқ тош ортилгани, бунинг устига, юк талаб даражасида маҳкамланмагани аниқланди.
Инспектор ҳайдовчига қоидабузарлик моҳиятини тушунтирди. Сўнг биргаликда юкни белгиланган талаблар асосида қайта маҳкамлаш чораларини кўришди. Камчиликлар бартараф этилгач, ҳайдовчини мабодо яна шу ҳолат такрорланса жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириб, ҳаракатни давом эттиришига рухсат берди. Ҳайдовчи инспекторнинг муомаласидан хурсанд бўлиб: «Энди оға-ини бўлдик», -дея раҳмат айтиб жўнаб кетди.
- Бизнинг асосий мақсадимиз ҳайдовчини жаримага тортиш эмас. Энг муҳими, у ўз хатосини англаб етсин ва келгусида такрорламасин. Хизмат жараёнида турли миллат вакиллари, турфа ёшдаги, ҳар хил феъл-атворли инсонлар билан мулоқотга киришамиз. Уларнинг ҳар бирига муомала қилишнинг ўзига хос йўлини топиш керак. Баъзида бир оғиз самимий тушунтириш жаримадан ҳам кўпроқ самара беради. Агар ҳайдовчи қоидага нима учун амал қилиши кераклигини англаса, бу нафақат унинг, балки йўлдаги барча ҳаракат иштирокчиларининг ҳам хавфсизлигига хизмат қилади, — дейди сафдор Маъруф Сатторов.
Оддий кўринган бу каби хислатларда йўлларда юз бериши мумкин бўлган оғир оқибатларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаёти ва саломатлигини асрашдек эзгу мақсад мужассам. Маъруф Сатторов каби фидойи ходимлар эса ўзларининг сергаклиги билан йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишяпти.
© «Postda» газетаси, Маҳлиё ХОЛОВА
