Генералнинг ҳаёт формуласи. Ҳамкасблар эътирофи, шогирдлар эҳтироми — энг юксак унвон
2026-08-07 13:40:00 / Янгиликлар

ОИЛАДА ВА АСКАРЛИКДА ШАКЛЛАНГАН ПОЙДЕВОР
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг умр йўли ҳақида китоб ёзса арзийди. Ана шундай сермазмун ҳаёт соҳибларидан бири истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодировдир.
1945 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган лавҳамиз қаҳрамони беғубор болалик чоғларини китоб мутолааси, далада деҳқончилик қиладиган ота-онасига ёрдам бериш билан ўтказди. Бўлажак ички ишлар органи ходими учун ҳалол меҳнат ўша кезлардanoq яшаш тарзига айланган эди.
У катталарга ҳурмат, масъулият, ўзаро ишонч ва тўғрилик каби фазилатларни аввало оилада ўрганди. Кейинчалик ана шу инсоний фазилатлар бутун хизмат фаолиятининг мустаҳкам маънавий пойдеворига айланди.
Ражаб Қодиров муддатли ҳарбий хизматни Россиянинг Ростов вилоятида ўтади. У Ички қўшинлар сафида Ватан олдидаги йигитлик бурчини адо этди. Шундан сўнг командирининг маслаҳати билан мазкур вилоят ички ишлар бошқармаси тасарруфидаги ахлоқ тузатиш колониясида ишлаб чиқариш ва техника бўлими муҳандиси лавозимида меҳнат фаолиятини бошлади.
ТАРТИБДАН БОШЛАНГАН ИСЛОҲОТЛАР
Истиқлолнинг илк йиллари мамлакатимиз ҳаётидаги энг мураккаб ва масъулиятли даврлардан бири бўлди. Бу жараён ички ишлар органлари зиммасига ҳам катта вазифаларни юклади.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш, жазони ижро этиш тизимини замон талабларига мослаштириш каби вазифалар фақат ҳуқуқий билим эмас, балки бой ҳаётий тажриба, қатъият ва узоқни кўра билишни талаб қиларди.
Ана шундай мураккаб паллада Ражаб Қодиров каби кўп йиллик амалий тажрибага эга раҳбарлар тизим учун жуда зарур эди. Унинг бой билими ва тажрибаси масъулиятли жараёнларда жуда асқатди.
Боиси, собиқ Иттифоқ даврининг сўнгги йилларида авж олган уюшган жиноятчиликка қарши мамлакатимизда муросасиз кураш олиб борилаётган эди. Жиноий гуруҳларнинг аъзолари ҳам, етакчилари ҳам навбати билан қўлга олиниб, суд ҳукмига мувофиқ жавобгарликка тортиларди.
1991 йил октябрь ойида Ражаб Қодиров ИИВ Ахлоқ тузатиш ишлари бошқармасининг тергов ҳибсхоналари ва турмалар бўлими бошлиғи этиб тайинланди.
Кўпни кўрган, бой тажрибага эга раҳбар дастлаб ишни барча тергов ҳибсхоналарида маҳбуслар учун белгиланган тартибнинг сўзсиз таъминланишини қатъий назорат қилишдан бошлади.
Тезкор хизмат кўрсатиш ва тартиботни таъминлаш бўлимига раҳбарлик қилган йилларида эса очилмай қолган жиноятларни фош этиш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга оширди.
Ҳозирги Марказий тергов ҳибсхонасига раҳбарлик қилган даврида ушбу муассасада ҳар томонлама намунавий тартиб-интизом ўрнатилишига эришди.
МАСЪУЛИЯТ ЮКИ
Ўзининг ташаббускорлиги ва раҳбарлик салоҳиятини намоён этган Ражаб Қодиров 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Сир эмаски, мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиздаги деярли барча жазони ижро этиш муассасаларида белгиланган лимитдан ортиқ маҳкум сақланарди. Бу эса тизимни ислоҳ қилиш, инсонпарварлик тамойилларини кучайтириш ва муассасалар фаолиятини замон талаблари асосида ташкил этишни тақозо қиларди.
Ражаб Қодиров соҳадаги вазиятни чуқур билган мутахассис сифатида бир қатор амалий таклифларни илгари сурди. Ана шу таклифлар асосида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилди.
Натижада жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Ражаб Қодировнинг хизматлари беқиёс бўлди.
Ташаббускор раҳбар жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам ташриф буюриб, уларнинг фаолиятини ўрганар, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берар, раҳбар ва ходимларга амалий йўл-йўриқ кўрсатар эди.
Қайси муассасада ишлаб чиқариш, маданий-маърифий ёки тарбиявий ишлар, шунингдек маҳкумлар учун яратилган шароитлар юқори даражада ташкил этилган бўлса, ўша тажрибани бошқа муассасаларда ҳам жорий этиш чораларини кўрарди.
ХОРИЖ ТАЖРИБАСИГА ОЧИЛГАН ЭШИК
Ражаб Қодиров раҳбарлик қилган йилларда аввал ёпиқ соҳа ҳисобланган жазони ижро этиш тизими босқичма-босқич очиқ ва шаффоф тизимга айланди.
1999 йилдан бошлаб Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Омбудсман ходимлари жазони ижро этиш муассасаларида бўлиб, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши юзасидан мунтазам мониторинг ўтказиш амалиёти жорий этилди.
Бу борада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳам самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Бундан ташқари, тизим ходимлари Украина, Россия, Германия, Польша каби давлатларга хизмат сафарларига юборилиб, илғор хориж тажрибасини ўрганиш имкониятига эга бўлдилар.
Ана шу саъй-ҳаракатлар самарасида маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, улар билан муомала қилиш бўйича халқаро стандартлар ҳамда илғор хориж тажрибаси миллий жазони ижро этиш амалиётига кенг татбиқ этилди.
УСТОЗЛИК — УЛУҒ МАРТАБА
Инсоннинг ҳаётини бир нечта расмий ҳужжат ёки меҳнат дафтарчасидаги қайдлар билан ифода этиб бўлмайди. Унинг ҳақиқий қиёфаси амалга оширган ишларида, бирга хизмат қилган ҳамкасбларининг эътирофида, шогирдларининг эҳтироми ва фаолиятида намоён бўлади.
Ражаб Қодиров ҳақида сўз кетганда, аввало унинг устозлик фаолияти тилга олинади. Бугун жазони ижро этиш тизимида масъул лавозимларда хизмат қилаётган кўплаб раҳбарлар ўзларини унинг шогирди деб билишади.
Унинг талабчанлиги, адолатпарварлиги ва инсонпарварлиги кўплаб ёш раҳбарлар учун ҳамон ҳаётий ва касбий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.
— Фаолиятимдаги барча қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтишимда устозим, истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодировнинг хизматлари беқиёс бўлган, — дейди ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғининг тартиботни ташкил этиш бўйича ўринбосари, подполковник Баҳром Мадияров.
— У кишининг соҳага оид ўргатган билим ва кўникмалари, берган маслаҳатлари туфайли турли раҳбарлик лавозимларида муносиб хизмат қилиб келяпман. Устозимнинг пурмаъно ҳаётий ўгитлари эришаётган ютуқларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда. Унинг ҳаёт йўли ва бой амалий тажрибаси чинакам ибрат мактабидир, десам муболаға бўлмайди.
ЎЗГАРМАС ҚАДРИЯТЛАР
Ражаб Қодиров Ватан осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш билан бирга, уч нафар фарзандни тарбиялаб, камолга етказди. Бугун улар жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритиб, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
«Данагидан мағзи ширин», деганларидек, беш нафар набираси эса севимли бобосининг ҳаётига янада мазмун ва қувонч бағишламоқда.
— Ёш ходимлар учун китобларда ёзилмаган энг муҳим сабоқлар устозлар билан мулоқот жараёнида шаклланади, — дейди истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодиров. — Чунки хизматнинг паст-баланди, ўзига хос сир-асрорлари фақат меъёрий ҳужжатларда эмас, балки ҳаёт мактабида ҳам ўрганилади.
Бугунги кунда кўксини «Дўстлик» ордени безаб турган, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги генерал-майор Ражаб Қодиров ҳамон сафда. У ҳозирда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментида етакчи эксперт сифатида кўп йиллик тажрибасини ёш ходимлар билан ўртоқлашиб, уларга амалий маслаҳат ва йўл-йўриқ бериб келмоқда.
Йиллар ўтди, лавозимлар ўзгарди. Аммо Ватанга, халққа садоқат ўзгармади. Ўтган давр мобайнида унинг фаолиятида бир муҳим фазилат доимо яққол намоён бўлиб келди: у фақат қонунни эмас, инсон тақдирини ҳам ҳимоя қилишни ўзининг энг олий бурчи деб билди.
Ана шундай қадриятларга садоқат билан яшаган инсоннинг ҳаёти келажак авлодлар учун ҳам ибрат мактаби бўлиб қолаверади.
Унинг номи бугун ички ишлар органлари фахрийлари орасида алоҳида эҳтиром билан тилга олиниши ҳам ана шу узоқ йиллик ҳалол ва фидокорона хизматининг самарасидир.
Бу ҳурматнинг асосида юксак лавозим ёки генераллик унвони эмас, балки бурчга садоқат, юксак масъулият, адолатпарварлик ва пок виждон билан бажарилган хизмат мужассам.
Ҳамкасблар эътирофи — энг олий мукофот
Инсон меҳнатининг ҳақиқий баҳоси орден ёки унвонлар билангина эмас, балки унинг ортидан қоладиган эзгу из, ҳамкасбларининг самимий эътирофи ва шогирдларининг меҳри билан ўлчанади.
Ражаб Қодировнинг кўп йиллик фаолияти айнан ана шундай эътирофга сазовор бўлди. У раҳбар сифатида тизимда муҳим ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшди, устоз сифатида эса юзлаб малакали ходимларни тарбиялаб, уларнинг камол топишига ҳисса қўшди.
Бугун унинг шогирдлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида масъул лавозимларда хизмат қилиб, устоздан олган билим, тажриба ва ҳаётий сабоқларни муносиб давом эттирмоқдалар.
Шу маънода Ражаб Қодировнинг энг юксак унвони — генераллик эмас, балки ҳамкасбларининг юксак эътирофи ва шогирдларининг чексиз эҳтиромидир.
Михли САФАРОВ, майор.
