Тошкент шаҳар Миробод туманида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс ўрганишлар ўтказилмоқда
2026-08-07 11:55:00 / Янгиликлар

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича профилактик чораларни янада кучайтириш мақсадида Тошкент шаҳрининг Миробод туманида Қўриқлаш департаменти бошлиғи полковник Қобил Шодибеков бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ишчи гуруҳ таркибида департамент бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий бошқармалар раҳбарлари ва масъул мутахассислар иштирок этиб, ҳудудда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳар томонлама таҳлил қилмоқда.
Ўрганишлар давомида маҳаллалар, турар жойлар, таълим муассасалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ижтимоий инфратузилма ҳамда Қўриқлаш хизмати муҳофазасига олинган объектларда хавфсизлик тизимининг ҳолати атрофлича ўрганилмоқда. Шунингдек, видеокузатув воситалари, сигнализация тизимлари, муҳандислик-техник муҳофаза воситалари ҳамда тезкор ҳаракатланувчи нарядлар фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқотлар ўтказиб, уларнинг хавфсизликка оид таклиф ва мурожаатларини тингламоқда. Шу билан бирга, замонавий қўриқлаш хизматларини кенг жорий этиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ва профилактик чораларни кучайтириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Департамент раҳбари томонидан ҳар бир масъул раҳбарга ўз йўналиши бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ҳудудда хавфсиз муҳитни шакллантиришда тизимли ёндашувни таъминлаш, аҳолига сифатли ва замонавий қўриқлаш хизматларини кўрсатиш, хизмат интизоми ва тезкорликни янада ошириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Мазкур комплекс ўрганишлар натижалари асосида Миробод туманида жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳоли учун хавфсиз ҳамда осойишта муҳит яратишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Қўриқлаш департаменти томонидан мамлакатимизда “Хавфсиз маҳалла – хавфсиз ҳудуд – хавфсиз юрт“ тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда.
ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти



