Терговни билимдонлар олиб боради. Ҳақиқат қарор топган жойда...
2026-08-05 13:35:00 / Янгиликлар

Қашқадарё вилояти ички ишлар органларида адолат тантанаси йўлида фидокоона хизмат қилаётган, жиноятларни фош этишда синчковлиги, чуқур билими ва тажрибаси билан ажралиб турадиган терговчилар кўп. Улар орасида вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан Миржаҳон Ҳасанов ҳам бор.
У ҳозирда Чироқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган устози, майор Шоҳрух Турсуновдан ҳар бир воқеани майда-чуйда тафсилотларигача таҳлил қилиш, далилларни бир-бирига боғлаш ва воқеалар занжирини узвий тиклаш бўйича назарий билимларни амалиётда қўллашни ўрганди. Ўтган йиллар давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, кузатувчанлик ва психологик кўникмаларини мустаҳкамлади.
Терговчи қонунларни мукаммал билиши билан бирга, инсон қалбини англайдиган, ҳақиқатни ҳис этадиган ва вазиятга холис ёндашадиган шахс бўлиши керак. Чунки етарлича ўрганилмаган ҳолат ёки шошмашошарлик билан чиқарилган нотўғри хулоса айбсиз инсоннинг жабр кўришига олиб келиши мумкин. Шу сабабли билимдон терговчи ҳар бир далилни қайта-қайта текшириб, ҳақиқатни аниқламагунча тинчимайди, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Бугунги кунда содир этилаётган жиноятлар тур ва шакл жиҳатидан анча мураккаблашган. Илгари асосан оддий ўғрилик ёки босқинчилик каби ҳолатлар кўп учраган бўлса, ҳозир ахборот технологиялари соҳасидаги қонунбузарликлар сони ортиб бормоқда. Бундай жиноятларни фош этиш терговчидан кенг дунёқараш, ахборот технологиялари ва иқтисодий соҳада чуқур билимга эга бўлишни талаб этади.
Мисол учун, деҳқонободлик Ж.Й. ички ишлар органига мурожаат қилиб, банк пластик картасидаги 20 миллион сўмга яқин маблағ ўғирланганини билдирган. Капитан Миржаҳон Ҳасанов олиб борган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноят фуқаро А.Ш. томонидан ахборот тизимига қонунга хилоф равишда кириш орқали содир этилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, А.Ш. ижтимоий тармоқ орқали Ж.Й. билан танишиб, ундан хориждан кийим-кечак сотиб олиш бўйича маслаҳат сўрайди. Сўнг билдирилган тавсиялардан мамнунлигини айтиб, миннатдорлик сифатида пул ўтказиб беришни ваъда қилади ва Ж.Й.нинг пластик карта ҳамда телефон рақамини қўлга киритади. Кейин эса «Алиф моби» иловаси ёрдамида Ж.Й.нинг пластик картасидаги 19 миллион 834 минг 500 сўмни ўзининг картасига ўтказиб олади.
Мазкур жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод туман судига юборилди. Суд ҳукми билан А.Ш.га нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Капитан Миржаҳон Ҳасанов ҳозир ҳам тинимсиз изланади, ўз устида ишлайди, билганларини ёшларга ўргатади. Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси, катта лейтенант Аҳрор Ёқубов ҳамда Қарши шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Мусурмон Эрмуродов уни ўзларига меҳрибон устоз деб билишади.
Содиқ Раҳимов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Қашқадарё вилояти
