Йўл қоидаси — умр фойдаси. Оромгоҳларда тарғибот тадбирлари
2026-08-05 07:45:00 / Янгиликлар

Навоий вилоятининг Кармана туманидаги «Офтобжон», «Ишонч», Навбаҳор туманидаги «Сармиш», «Шаббода» каби ёзги оромгоҳларда «Йўл ҳаракати қоидалари» бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. Тадбирларда болажонларга йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш, пиёда, йўловчи ва велосипедчиларнинг мажбуриятлари тушунтирилди. Йўл белгилари, тартибга солувчи йўл чизиқлари талабларига ва светофорнинг ишораларига қатъий риоя қилиш лозимлиги уқтирилди.
Айниқса, велосипедни жиҳозлаш, хавфсиз манёврларни амалга ошириш, автомобиль йўлларида масъулиятли бўлиш кераклигига алоҳида урғу берилди. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмасдан туриб транспорт воситасини бошқармаслик, ўзбошимчалик билан автомашинадан тана қисмини чиқармаслик, йўлнинг қатнов қисмидан кесиб ўтишда ҳушёрликни йўқотмаслик даркорлиги айтиб ўтилди.
- Болалар ўртасида мунтазам равишда йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида тушунтириш ишларини олиб бориш келгусида маданиятли ҳаракат иштирокчилари қатлами шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун тизимли равишда соҳа вакиллари билан ҳамкорликда профилактик ишлар амалга оширилмоқда. Суратлар танлови, профилактик суҳбатлар, турли услубий қўлланмалар ҳамда тарқатилаётган буклетлар самарадорликни янада оширади. Муҳими, болажонлар мароқли ҳордиқ чиқариш билан бир қаторда йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш бўйича билимларини ҳам мустаҳкамлашади. Бу эса ота-оналарнинг ҳам кўнглини хотиржам қилиши аниқ, — дейди Навоий шаҳридаги 18-сонли мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Жамила Исамова.
Тадбир давомида болалар гуруҳларининг хавфсиз ҳаракатланишлари борасида амалий ўқув машғулотлари ҳам ўтказилди.
Фарруҳ ЯКУБОВ,
Навоий вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта мутахассиси, майор.
