Аралаш жанг санъатлари бўйича Ўзбекистон чемпионати юқори савияда ташкил этилди
2026-08-05 07:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 29–31 июль кунлари Ички ишлар вазирлигининг «ЖАР» спорт-соғломлаштириш комплексида аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ҳамда катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати юқори савияда ташкил этилди.
Нуфузли мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан 400 нафарга яқин спортчи иштирок этиб, чемпионлик учун муросасиз баҳс олиб борди. Уч кун давом этган беллашувларда иштирокчилар ўзларининг юксак спорт маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва ғалабага бўлган қатъиятини намоён этиб, мухлисларга қизиқарли ҳамда шиддатли жангларни тақдим этдилар.
Мусобақа якунларига кўра, барча вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Чемпионат натижалари асосида энг иқтидорли спортчилардан Ўзбекистон терма жамоаси шакллантирилади. Мазкур терма жамоа жорий йилнинг октябрь ойида Грузиянинг Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри 7 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза, жами 14 та медаль билан биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилояти 5 та олтин, 1 та кумуш ва 13 та бронза, жами 19 та медаль билан иккинчи, Қашқадарё вилояти эса 3 та олтин, 2 та кумуш ва 8 та бронза, жами 13 та медаль билан учинчи ўриндан жой олди.
Чемпионат давомида жами 128 та медаль ўз эгаларига топширилди. Мазкур мусобақа аралаш жанг санъатларини кенг оммалаштириш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган кучли терма жамоани шакллантириш йўлида муҳим босқич бўлади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари тантанали равишда тақдирланди.
Ғолиб ва совриндор спортчиларни самимий муборакбод этамиз ҳамда Ўзбекистон терма жамоасига Жаҳон чемпионати мусобақаларида юксак натижалар ва улкан зафарлар тилаймиз.



