Экстремистик йўналишдаги жиноятни содир этганлиги учун халқаро қидирувда бўлган шахс Полша Республикасидан экстрадиция қилинди
2026-08-04 10:05:00 / Янгиликлар

Интерполнинг Тошкент ва Варшава шаҳарларидаги Миллий марказий бюролари ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган шахс экстрадиция қилинди.
Жиноят иши қўзғатилгач, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тарк этиб, узоқ вақт давомида хорижда яшириниб юрган, шу сабабли Интерпол каналлари орқали халқаро қидирувга берилган эди.
Интерполнинг Тошкент ва Варшава ММБларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Полша Республикасидаги Элчихонаси вакилининг бевосита иштирокида қидирувдаги шахснинг турган жойи аниқланди, шундан сўнг халқаро ҳамкорлик ва экстрадиция жараёни доирасида унинг Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги ММБ ходимларига топширилиши таъминланди.
Экстрадиция икки давлат ваколатли органларининг самарали ҳамкорлигининг навбатдаги натижаси ва жиноий таъқибдан яшириниб юрган шахсни қидириб топиш ва қайтариш бўйича халқаро полиция ҳамкорлигининг юқори самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси мамлакат ташқарисига яширинишга уринишлар қидирувдаги шахсларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар, жиноий жавобгарликдан қочиш имконини бермайди, халқаро полиция ҳамкорлиги уларни аниқлаш, ушлаш ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминлайди.
Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси



