ИИВ Академиясида сунъий интеллект ва рақамлаштириш бўйича ўқув-семинарлар ўтказилди
2026-08-04 09:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 28–29 июль кунлари ИИВ Академияси магистратура тингловчилари учун «Рақамлаштириш лойиҳаларини бошқариш ва сунъий интеллект технологияларини амалиётга жорий этиш» мавзусида ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Машғулотлар Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика департаменти ҳамда Рақамли технологиялар вазирлигининг «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси мутахассислари ҳамкорлигида ўтказилди.
Семинарлар давомида тингловчиларга генератив сунъий интеллектнинг ишлаш тамойиллари, унинг имкониятлари ва хизмат фаолиятида самарали қўллаш усуллари бўйича амалий билимлар берилди. Машғулотлар реал мисоллар ва интерактив муҳокамалар асосида ташкил этилди.
Шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги, махфийлик талабларига риоя этиш ҳамда масъулиятли ёндашувнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.



