Тил билган — эл билади
2026-08-03 13:20:00 / Янгиликлар

Баъзи тақдирлар бўладики, худди кино сценарийсига ўхшайди: уларда даврлар, хариталар ва миллий анъаналар чамбарчас боғланиб кетган. Шундай тақдир эгаларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги РТ ва ҲС Департаменти Рақамли инфратузилма ва ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Владимир Геннадиевич Хендир.
Хизмат формаси ўзига жуда ярашган, 34 йиллик хизмат тажрибасига эга бўлган матонатли бу инсоннинг жиддий қиёфаси ортида беғубор ва меҳрибон қалб яширинган. Владимир Геннадиевич миллатига кўра корейс, бироқ ўзбек ва рус тилларини мукаммал билади. У болалигидан Ўзбекистон дея аталмиш меҳмондўст диёрнинг маданиятини руҳига сингдириб улғайганидан фахрланади. У ўзбек тилининг бетакрор, жонли хоразмча шевасида гапирганида, қойил қолмай иложингиз йўқ.
Лавҳамиз қаҳрамонининг оиласи тарихи ўтган асрнинг 30 йилларига бориб тақалади. Ўшанда Владимир Хеннинг аждодлари Марказий Осиёга кўчиб келишган. Олис Хоразм улар учун шунчаки янги жой эмас, балки ҳақиқий қадрдон масканга айланди. Ота-онасининг ҳикояларига кўра, меҳнатсевар, олижаноб икки халқ вакиллари дарҳол бир-бирини тушуниб етди. Бу ерда ҳеч қачон тил ёки қалб тўсиқлари бўлмаган. Муштарак қадриятлар, ерга меҳр, катталарга ҳурмат ва самимий меҳнатсеварлик турли миллат вакилларини ягона катта оилага бирлаштирди.
Тил — бу шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки инсон қалбига йўл топадиган калит. Бу ҳақиқатни ўзбек тилини аъло даражада биладиган Владимир Хеннинг 34 йиллик хизмат йўли ҳам тўла-тўкис тасдиқлайди. Бундан ташқари, Владимир Геннадиевич ҳайратланарли даражада нозик юмор ҳиссига эга. Ҳамкасблар яхши билишади: у ҳатто энг масъулиятли ва мураккаб вазиятда ҳам ўз вақтида айтилган ширин сўзи ёки ҳазил-мутойибаси билан муҳитни юмшата олади.
Иш жараёнида В. Хен нафақат талабчан раҳбар, балки ёш мутахассислар учун ҳақиқий устоз эканлигини кўп бор исботлаган. Ўзининг кўп йиллик бой тажрибасига ва маънавий-маърифий билимларига таяниб, шогирдларига нафақат ахборот хавфсизлиги сирлари, балки инсонийлик, бурчга садоқат ва Ватанга муҳаббат сингари фазилатларни ҳам сингдириб келмоқда.
Унинг таълим-тарбиясини олиб, фаолият юритган ёш ходимлар ҳар доим Владимир Геннадиевичнинг самимий маслаҳатлари, оталарча ғамхўрлиги ва ҳар бир инсонга алоҳида эътибор беришини чуқур миннатдорлик ва ҳурмат билан тилга олишади.
Азиза Боҳодирова, майор. «Постда»
