«Criminology AI» лойиҳаси доирасида Сингапурнинг илғор тажрибаси ўрганилди
2026-08-03 11:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан давлат мақсадли дастури доирасида амалга оширилаётган «Содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шароитларини таҳлил қилиш асосида жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган миллий “Criminology AI” — сунъий интеллект технологиясини ишлаб чиқиш» илмий-амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида Институт делегациясининг Сингапур Республикасига хизмат сафари амалга оширилди.
Амалий ташриф давомида делегация аъзолари Сингапур полиция кучлари ҳамда Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида илм-фан ва технологияларни ривожлантириш агентлиги — Home Team Science and Technology Agency мутахассислари билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш, криминоген хавфларни баҳолаш ва прогнозлаш тизимларини қўллаш бўйича Сингапурнинг илғор тажрибаси ўрганилди.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш, таҳлилий маълумотлар асосида тезкор ва асослантирилган бошқарув қарорларини қабул қилиш, замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда идоралараро маълумот алмашинувини такомиллаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқотлар жараёнида миллий «Criminology AI» платформасини ишлаб чиқишда Сингапур тажрибасидан самарали фойдаланиш, икки давлат мутахассислари ўртасида илмий ва амалий тажриба алмашиш, жиноятларнинг сабаб ва шарт-шароитларини комплекс таҳлил қилиш ҳамда криминоген хавфларни барвақт аниқлаш имконини берувчи инновацион ечимларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур амалий ташриф натижалари Ўзбекистонда жиноятчиликни илмий асосда таҳлил қилиш, прогнозлаш ва барвақт профилактика қилишнинг замонавий рақамли механизмларини шакллантириш, шунингдек, миллий «Criminology AI» технологиясини халқаро илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Криминология тадқиқот институти



